Қорақалпоғистоннинг Тўрткўл тумани ва Хоразм вилоятининг Урганч туманида қалбаки акциз маркали алкоголь маҳсулотларини муомалага киритилишининг олди олинди. Бу ҳақда Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти хабар берди.
Маълум қилинишича, департаментнинг Урганч туман бўлими томонидан ўтказилган терговга қадар текширувда “М.О.” МЧЖга қарашли савдо шохобчасида жами 742 дона “Люкс Сантал” ва “Русский” номли қалбаки акциз маркали алкоголь маҳсулотлари сотувга қўйилганлиги аниқланиб, ушбу маҳсулотлар ашёвий далил сифатида олинган.
Шу каби департаментнинг Тўрткўл туман бўлими томонидан ўтказилган тезкор тадбирда Беруний кўчасида жойлашган дўкон сотувчиси И.Ш. 4 дона “Қаратау” номли истеъмолга яроқсиз қалбаки акциз маркали алкоголь маҳсулотини сотган вақтида ушланиб, ушбу дўкондан 16 турдаги жами 146 дона қўлбола усулда тайёрланган қалбаки акциз маркали алкоголь маҳсулотлари ашёвий далил тариқасида олинган.
Мазкур ҳолатлар юзасидан Жиноят кодексининг 176-моддаси (қалбаки пул, акциз маркаси ёки қимматли қоғозлар ясаш, уларни ўтказиш) ва 186-1-моддаси (этил спирти, алкоголли маҳсулот ва тамаки маҳсулотини қонунга хилоф равишда ишлаб чиқариш ёки муомалага киритиш) билан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.
Изоҳ (0)