Сирдарё вилоятида футбол майдонидаги одамлар устига машина ҳайдаган ҳайдовчи қўлга олинди. Унга нисбатан жиноят иши қўзғатилган. Бу ҳақда “Дарё”га вилоят ИИБ ахборот хизмати раҳбари Достон Шамсиддинов хабар берди.
Билдирилишича, воқеа бугун, 29 май куни соат 18:00 ларда вилоятнинг Сайхунобод туманида содир бўлган.
Captiva ҳайдовчиси томонидан содир этилган ҳолат Сирдарё вилояти ИИБ масъул ходимлари томонидан ўрганилиб, мазкур автомашина ҳайдовчисига нисбатан Жиноят кодексининг 277- моддаси (безорилик) билан жиноят иши қўзғатилиб, тегишли тартибда қамоққа олинган. Автомашина жарима майдончасига жойлаштирилган, — дейилади вилоят ИИБ ахборот хизмати тарқатган хабарда.
Таъкидланишича, ҳолат юзасидан суриштирув ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Видеода шунингдек, ҳайдовчининг бир неча кишини уриб юборгани ҳам кўринган. Уларнинг аҳволи ҳақида ҳозирча маълумот йўқ.
Изоҳ (0)