Тошкент вилояти Бўка туманидаги метан заправкада бир ойда 1,8 миллиард сўмлик табиий газдан ноқонуний фойдаланилгани аниқланди, деб хабар беради Бош прокуратура матбуот хизмати.
Қайд этилишича, “TRAST М.” МЧЖнинг Бўка туманида жойлашган АГТКШда электрон газни ҳисобга олиш ускуналарига ташқи таъсир кўрсатилган. Натижада ҳисоблагичларнинг электрон хотира маълумотлари йўқотилиб, табиий газни автомобилларга сиқилган газ сифатида сотиши оқибатида 2024 йил 28 февралдан 28 мартга қадар 30 кун давомида 1 миллиард 809,3 миллион сўмлик 1,27 миллион метр куб табиий газдан ноқонуний фойдаланилган.
Мазкур ҳолат юзасидан “TRAST М.” МЧЖ раҳбарига нисбатан Жиноят кодексининг 169-моддаси (ўғрилик) билан жиноят иши қўзғатилган.
Январь ўрталарида Сирдарёда метан заправка 62 миллиард 488 миллион сўмлик табиий газдан ноқонуний фойдалангани аниқланган эди. Кейинроқ Бош прокуратура газ ўғирлангани ортидан икки киши ушланганини маълум қилган. Шунингдек, бир неча кун олдин Тошкент вилоятида газ заправка собиқ ҳисобчиси салкам 1 миллиард сўмни ўзлаштиргани аниқланганди.
Изоҳ (0)