Сурияда террорчи гуруҳларга қўшилиб, вафот этгани айтилган ўзбекистонлик эркак қидирилмоқда. Бу ҳақда Тошкент шаҳар ИИББ хабар берди.
Маълум қилинишича, Мансуров Жалолиддин 1989 йил Тошкент шаҳрида туғилган. 2012 йилда Россия орқали Туркияга, у ердан Суриядаги жангарилар сафига бориб қўшилган. Оилали, 4 нафар фарзанди бор.
У 2006 йилда Учтепа туманидаги коллежга ўқишга қабул қилинган. Бироқ 2-курсни битирмай туриб, ўқишни ташлаб кетган. 2010 йилга келиб, янги дўстлар орттирган фуқаро уларга эргашиб диний таълим олишга қизиқа бошлаган. Отасининг айтишича, 2012 йил март ойларида ўғлини нотаниш одам билан гаплашиб турганини кўрган. Бир неча кун ичида у уйдан чиқиб кетган.
Диний экстремистик оқимлар таъсирига тушган фуқаро Сурияга бориб, террорчи гуруҳлар таркибига қўшилган. Қонуний рафиқаси билан ажрашган эркак бошқа аёлга уйланиб, уни ўзи билан Сурияга олиб кетган. 2015 йилда у вафот этгани ҳақида хабарлар тарқалган. Аммо маълумот расман тасдиқланмаган. Ҳозирда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан унга нисбатан қидирув эълон қилинган.
Изоҳ (0)