Фарғона вилояти божхона бошқармаси “Ўзбекистон” чегара божхона постида ноқонуний пневматик қурол айланмасига чек қўйилди. Бу ҳақда вилоят божхона бошқармаси хабар берди.
Қайд этилишича, божхона ходимлари ДХХ Чегара қўшинлари ходимлари билан ҳамкорликда қўшни давлатдан пост орқали ҳаракатланган фуқаро бошқарувидаги Tico русумли транспорт воситасини назоратдан ўтказган. Текширув давомида божхона назоратидан яширилган ҳамда тегишли рухсатномалари бўлмаган 1 дона 4,5 калибрли пневматик қурол, шунингдек, 4 дона қурол учун газ баллонлар ва 186 дона ўқлар борлиги аниқланган.
“Қурол тўғрисида”ги қонунининг 15-моддасига мувофиқ ҳар қандай фуқаровий ва хизмат қуролини ҳамда унинг ўқ-дориларини Ўзбекистон ҳудудига олиб кириш ва олиб чиқиш ички ишлар органлари томонидан тақдим этилган рухсатномалар асосида амалга оширилади.
Мазкур ҳолат юзасидан божхона органлари томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Аввалроқ “Яллама” чегара божхона пост ходимлари томонидан Ўзбекистонда фаолият олиб бораётган масъулияти чекланган жамиятлардан бирининг номига курьерлик жўнатмалари божхона назоратидан ўтказилганида унинг ичидан пневматик тўппонча чиққани тўғрисида хабар берилганди.
Изоҳ (0)