Бельгиянинг Антверпен шаҳридаги бинонинг ертўласидан Пабло Пикассо ва Марк Шагалнинг ўғирланган асарлари топилди.
“Tête” ва “Lʼhomme en priere” деб номланган асарлар 2010 йилда Исроил фуқаросининг коллекциясидан ўғирланган. Жиноятчилар суратлар билан бирга уйдан 680 минг долларлик тақинчоқларни олиб кетишганди. Аммо суратлар яширинган жойдан тақинчоқлар топилмади.
Бельгия ҳуқуқ-тартибот идоралари хабар берувчининг мурожаатидан кейин текширув бошлади.
Унга кўра, гумонланувчи иккала картинани ҳам сотишга уринган, шундан сўнг полиция уни изига тушган ва қўлга олган. Ҳозирда қўлга олинган шахснинг картиналар ўғрилигига алоқаси бор-йўқлиги текширилмоқда.
Икки рассом суратларининг умумий қиймати 900 минг долларга баҳоланмоқда, деб хабар берди Reuters.
Изоҳ (0)