Кения Саудия Арабистони, Германия, Исроил, Сербия ва Россия билан Кения фуқароларини иш билан таъминлаш учун шарт-шароит яратиш бўйича шартномалар имзолади, деб хабар берди мамлакатнинг расмий вакили Ҳусайн Муҳаммад Х ижтимоий тармоғида.
Унинг сўзларига кўра, ҳужжатда, хусусан, Россия кенияликларга 10 минг иш ўрни бериши кўзда тутилган.
Ҳусайн Муҳаммаднинг аниқлик киритишича, Исроил билан қишлоқ хўжалигида 30 минг бўш иш ўрни бериш бўйича келишувга эришилган. Сербия қурилиш ва хизмат кўрсатиш соҳасида 20 минг иш ўрни билан таъминлайди ва Кениядан яна 2,5 минг малакали тиббиёт ходими Саудия Арабистонига боради. Германия Кения фуқаролари учун 250 минг, Россия эса 10 минг иш ўрни беради. Кенияликлар бу икки давлатда қайси соҳада ишлашига аниқлик киритилмаган .
2023 йил май ойида Россия ташқи ишлар вазири Сергей Лавров 13 йил ичида биринчи марта Кенияга борганди. Кения пойтахти Найробида Россия ТИВ раҳбари мамлакатнинг янги раҳбарияти ва унинг собиқ ҳамкасби Мосес Ветангула билан музокаралар ўтказди. Музокараларда томонлар геология-қидирув, кончилик, энергетика, телекоммуникация, туризм, таълим каби соҳаларни ривожлантириш имкониятларини муҳокама қилдилар.
Изоҳ (0)