Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғон журналистлар билан суҳбатда АҚШ ва Британиянинг Ямандаги ҳусийлар нишонларига берган зарбаларига изоҳ берди. Унинг сўзларига кўра, Америка ва Британия ҳукуматлари “Қизил денгизни қонли денгизга айлантиришга ҳаракат қилмоқда”. Туркия президентининг сўзларини TRT Haber телеканали келтирмоқда.
“Бу ерда номутаносиб куч ишлатиш рўй бермоқда. Америка ҳозирда Исроил ва Фаластиндаги бу номутаносиб кучдан худди шундай фойдаланмоқда. Эрон буларнинг барчасидан ўзини ҳимоя қилиш йўлларини қидирмоқда. Англия бу жараёнда Америка билан биргаликда қадам ташлаган ва шундай қилишда давом этади”, — деди Эрдоғон.
Туркия президенти ундаги маълумотларга кўра, ҳусийлар ўзларини яхши ҳимоя қилаётгани ва Америка ҳамда Англияга қарши муваффақиятли жавоб бераётганини ҳам айтиб ўтди.
12 январга ўтар кечаси Буюк Британия ва АҚШ Ямандаги ҳусийларнинг 60 та нишонига ҳужум қилди. Радарлар, ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимлари, шунингдек, дрон ва ракеталар учун омборлар ва учириш майдончалари асосий нишонга айланди.
Ҳусийлар Ямандаги нишонларга 73 та зарба берилгани, 5 аскарнинг ҳалок бўлганини маълум қилди. Ҳужумни Австралия, Баҳрайн, Канада ва Нидерландия қўллаб-қувватлади. Кремль ҳужумни қоралаб, бу халқаро қонунларга зид эканини айтди.
Изоҳ (0)