Қозоғистон Ташқи ишлар вазирлиги мамлакатда хорижликлар учун янги қоида кучга кирганини маълум қилди. Бу ҳақда “АКИпресс” хабар берди.
Қайд этилишича, “дактилоскопия ва геномик рўйхатга олиш” тўғрисидаги қонун қоидалари кучга кирди. 2024 йил 1 январдан бошлаб ўн олти ёшга тўлган хорижий фуқаролар ва фуқаролиги бўлмаган шахслар қонун ҳужжатларида белгиланган ҳолларда бармоқ изларини рўйхатдан ўтказиши шарт. Ушбу тартиб мамлакатга кириш учун қуйидаги ҳужжатларни тайёрлашда мажбурийдир:
- Қозоғистонда доимий яшаш учун рухсатнома;
- Чет эл фуқароси учун Қозоғистонда яшаш жойи учун рухсатнома;
- Фуқаролиги бўлмаган шахснинг гувоҳномалари;
- Вақтинчалик яшаш учун рухсатномалар;
- Қозоғистон Республикасининг визалари (дастлаб Қозоғистон ҳудудида олинган ва узайтирилган);
- Бошпана изловчининг шахсини аниқлаш;
- Қочқинлар гувоҳномалари;
- Қочқиннинг саёҳат ҳужжати.
Мамлакатдан чиқариб юборилиши ёки Қозоғистон томонидан ратификация қилинган халқаро реадмиссия шартномаларига тааллуқли бўлган шахслар ҳам бармоқ изларини мажбурий рўйхатдан ўтказишлари шарт. Чет элликлар ёки фуқаролиги бўлмаган шахслар дактилоскопияга рўйхатдан ўтишда шахсини тасдиқловчи ҳужжатга, агар у мавжуд бўлмаса, гувоҳномага эга бўлиши керак.
ТИВнинг таъкидлашича, бармоқ изини мажбурий рўйхатдан ўтказишдан бош тортиш Қозоғистон Республикасидан маъмурий чиқариб юбориш тарзидаги маъмурий жавобгарликка сабаб бўлади.
Бармоқ изини қайд этиш яшаш жойидаги миграция хизмати бўлимларида амалга оширилади.
Изоҳ (0)