Украина Хавфсизлик ва мудофаа кенгаши котиби Алексей Данилов Украина АҚШдан ҳарбий ёрдам камайган шароитда нима қилишини айтди. Бу ҳақда Данилов “Америка овози”га маълум қилди.
У Украина АҚШдан зарурий ҳарбий ёрдам пакетини олишига ишонч билдирди, чунки гап “дунёда содир бўлаётган кўплаб жараёнларга жавобгарлик ва тушуниш” ҳақида кетаётгани айтди. Хусусан, унинг фикрича, январь ойида америкалик қонунчилар бу масала бўйича овоз беришга қайтади.
“Қўшма Штатлардаги сиёсий жараёнга келсак, бу айнан демократия ҳисобланади. Rioя қилиниши керак бўлган меъёр ва қоидалар бор”, — деди у.
Даниловга Украина АҚШдан ёрдам пакетини олмаган тақдирда “Б режаси” борми, деган савол берилди. Жумладан, журналистларни Украина ўз қуролларини — патронлар, снарядлар, дронлар ишлаб чиқариши қизиқтирди.
“Давлат ва хусусий мудофаа-саноат мажмуамиз фаолиятига келсак, уруш бошиданоқ бу мажмуа мамлакатимиз мудофаа қобилиятини юксалтириш устида ишлай бошлади, ютуқларимиз бор, қолоқ эмасмиз. Биз ишлаб чиқараётган қуроллар дунёни ҳайратга солади”, — деди у.
Шунингдек, у ҳозир ҳамкорлар билан биргаликда мудофаа корхоналарини ташкил этиш жараёни давом этаётганини айтди.
“Айрим мамлакатларда ҳамкорларимиз билан ҳамкорликда қурол ишлаб чиқариш жараёнлари олиб борилмоқда. Бундай мамлакат фақат битта эмас. Бир нечтаси борки, уларда ғалаба учун фронтга зарур бўлган компонентлар ва нарсаларни биргаликда ишлаб чиқариш йўлга қўйилган”, — деб таъкидлади у.
Даниловнинг сўзларига кўра, гап ушбу мамлакатларнинг турли мутахассислари, хусусан, конструкторлари ҳақида кетмоқда.
“Бизнинг синовларимиз жангга яқин шароитда эмас, балки тўғридан-тўғри жанговар шароитда ўтмоқда. Ҳарбийларимиз эса у ёки бу қуролни аниқ ва тезкор баҳолайди. Бизда бу борада юқори малакали тажриба бор”, — деди у.
Изоҳ (0)