Германия Бош прокуратураси Россиянинг 720 миллион евродан ортиқ қийматдаги активларини мусодара қилиш бўйича судга мурожаат қилди. Бу ҳақда Spiegel хабар берди.
Гап Евроиттифоқнинг санкциялар рўйхатига киритилган Москва биржаси шўба корхонасининг активлари ҳақида кетмоқда, дея тасдиқлади Бош прокуратура. Активлар JP Morgan банкининг филиалида сақланади.
Маблағлар Германия давлат бюджетига ўтказилиши режалаштирилган. Бу Россиянинг Германиядаги активларини биринчи марта мусодара қилишга уринишдир. Аввалроқ Германия расмийлари фақат санкцияларга дучор бўлган жисмоний шахслар ва компанияларнинг маблағлари ва активларини музлатиб қўйганди.
Даъвога сабаб JP Morgan’даги музлатилган ҳисоб рақамларидаги маблағларни ечиб олишга уриниш бўлган. 2022 йил июнь ойида чеклов чоралари эълон қилинган куни Москва биржаси вакиллари активларини Миллий клиринг маркази – Москва биржаси бўлими – Коммерсбанкдаги ҳисоб рақамларига ўтказишга ҳаракат қилди. Иккала банк ҳам пул ўтказмасини амалга оширишдан бош тортди.
Изоҳ (0)