Шавкат Мирзиёевга Қозоғистон биринчи президенти Нурсултон Назарбоевнинг “Менинг ҳаётим. Қарамликдан озодликка” номли мемуарлар китоби етказилди. Бу ҳақда “ЎзА” хабар берди.
Назарбоевнинг матбуот котиби Айдос Укибай 6 декабрь куни ташриф билан Ўзбекистонда бўлди. У Президент администрациясида ўтган учрашувда Шавкат Мирзиёевга Қозоғистон биринчи президентининг саломи ва энг эзгу тилакларини етказди. Шунингдек, Нурсултон Назарбоевнинг “Менинг ҳаётим. Қарамликдан озодликка” номли мемуарлар китобининг муаллиф дастхати туширилган нусхасини топширди.
Тарихий жараёнлар ва шахсий муносабатни ўзида мужассамлаштирган китобда Нурсултон Назарбоев ўзининг ҳаётий йўли, мамлакатнинг шаклланиш ва ривожланиш даври тўғрисидаги хотиралари билан ўртоқлашади. Сиёсатчи республикага раҳбарлик қилган охирги ўн йилликлардаги воқеаларга баҳо беради.
Шунингдек, ўз асарида Нурсултон Назарбоев Ўзбекистон етакчиси, “атоқли сиёсий арбоб Шавкат Мирзиёевни” алоҳида қайд этган.
Китобда Ўзбекистон президенти томонидан олиб борилаётган, мамлакат иқтисодий салоҳиятини оширишга хизмат қилаётган ислоҳотлар юксак баҳоланган. Қозоғистон билан ҳар томонлама алоқалар янада жадал ривожлана бошлангани, Шавкат Мирзиёев президент сифатидаги фаолиятининг илк кунлариданоқ қардош мамлакатлар билан ҳамкорликни мустаҳкамлаётгани мамнуният билан қайд этилди.
Изоҳ (0)