Ўзбекистонда илк бор “Болалар сайёҳлик базаси” фаолияти йўлга қўйилди, деб хабар бермоқда Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги ахборот хизмати.
Хабарга кўра, Наманган вилоятида 150 ўринли “Болалар сайёҳлик базаси” фойдаланишга топширилди. Сайёҳлик базасининг очилишига 14 та ҳудуддан 98 нафар ўқувчи саёҳатга олиб келинди. Сайёҳлик базасини қуришдан асосий мақсад ўқувчиларга ўлка тарихини яқиндан таништириш, жойларда болалар туризмини ривожлантириш орқали замонавий тўгараклар фаолиятини йўлга қўйишдан иборат.
“Болалар сайёҳлик базаси” очилиш маросимида мактабгача ва мактаб таълими вазири ўринбосари Дилшод Кенжаев ҳамда Наманган вилояти ҳокими Шавкат Абдураззоқовлар иштирок этди. “Болалар сайёҳлик базалари” фаолияти Самарқанд, Қарши, Бухоро ва Хива шаҳарларида ҳам ташкил этилиши кўзда тутилган.
Қайд этилишича, Наманганда сайёҳлик базасини қуриш учун республика бюджетидан 7,8 миллиард сўм маблағ ажратилган.
Изоҳ (0)