Исроилнинг 7 октябрдан бери Ғазо секторини бомбардимон қилиши оқибатида қурбонлар сони 16 248 кишига етди, 43 616 киши жароҳат олди. Бу ҳақда “РИА Новости” хабар берди.
“Касалхоналарга олиб келинган қурбонлар сони 16 248 нафарга кўпайди... Бедарак йўқолган вайроналар остида бўлиши мумкин бўлганлар сони 7600 нафарга, жароҳатланганлар сони эса 43 616 нафарга етди”, — дейилади Фаластин анклав ҳукумати ахборот маркази баёнотида.
4 декабрь куни ҲАМАС қурбонлар сонини 15 899 киши деб ҳисоблаганди. Ҳалок бўлганларнинг 7 мингдан ортиғи болалар, 5 мингга яқини эса аёллардир.
Аввалроқ Ғазо секторидаги ЮНИСЕФ вакили Жеймс Элдер секторга ҳар ўн дақиқада бомбалар тушаётганини айтиб, Исроилнинг ҳужумидан хавотир билдирганди.
“Ғазо сектори шимолида одамлар бошдан кечирган даҳшатли воқеалар жанубда содир бўлмаслиги кераклиги ҳақида юқори даражада огоҳлантиришлар бўлди. Бироқ айнан шундай бўлмоқда”, — деган Элдер.
Ўз навбатида, Исроил армияси Ғазо сектори жанубидаги Хон-Юнис шаҳрини қуршаб олган, қуруқликдаги операциянинг учинчи босқичи бошлангани айтилмоқда.
Изоҳ (0)