Россия президенти Владимир Путин АҚШ президенти Жо Байденнинг Россия Украина билан урушда ютқазаётгани ҳақидаги даъволарини кулгили деб атади. Унинг фикрича, агар Россия мағлуб бўлганида, АҚШ Украинага янги қуроллар, жумладан, узоқ масофага учувчи ATACMS ракеталарини етказиб бермаган бўларди.
“Агар Россия урушда мағлуб бўлган бўлса, нега улар Украинага ATACMS ракеталарини етказиб бермоқда? Бу ҳолда АҚШ президенти ATACMS ва бошқа барча қуролларни олиб, чой ичиш учун Россияга меҳмонга келсин”, — деди Владимир Путин Пекиндаги матбуот анжуманида.
“Агар уруш ютқазилган бўлса, биз нима ҳақида гапиряпмиз? Нима учун унда ATACMS ракеталари керак? АҚШ президентига бу саволни бериб кўринг. Очиғи, бу кулгили”, — дея қўшимча қилди Россия президенти.
Шунингдек, у Украинага ATACMS ракеталарини етказиб беришни АҚШнинг катта хатоси деб атади.
Бугун, 18 октябрь куни Оқ уй ATACMS тактик ракеталари Украинага топширилганини тасдиқлади. The New York Times газетасининг ёзишича, Киев 20 га яқин ракета қабул қилиб олган. Уларнинг учиш масофаси 165 км.
Бир кун аввал Тhe Wаll Street Journal Украина ушбу ракеталар билан Луганск ва Бердянскдаги ҳарбий аэродромларга ҳужум қилгани ҳақида хабар берган эди.
Изоҳ (0)