Тошкент вилоятининг Янгийўл туманида “ёшлар дафтари”га киритилган 100 нафар фуқарога субсидия асосида техникалар топширилди. Бу ҳақда “Дарё”га туман ҳокимлиги ахборот хизмати хабар берди.

Таъкидланишича, Янгийўл туманида ҳозирги вақтда жами 43 265 нафар ёшлар мавжуд бўлиб, улар биринчи секторда 11855 нафарни, иккинчи секторда 12 609 нафар, учинчи секторда 8 248 нафар, тўртинчи секторда 10 553 нафар ёшларни ташкил этади.

“Ёшлар дафтари”да бўлган 100 нафар ёшларга 45 та мотокултиватор, 32 та тикув машинаси ва 16 та махсус дазмол, 6 та пайвандлаш ускунаси, 3 та ноутбук, 8 та қурилиш анжомлари сектор раҳбарлари иштирокида ёшларга топширилди, — дейди туман ҳокимлиги ахборот хизмати масъули

Билдирилишича, ушбу техникалар учун Тошкент вилояти Ёшлар жамғармаси маблағлари ҳисобидан 1 миллиард сўм маблағ ажратилган.

Мазкур маблағлар ҳисобидан шунингдек, 188 нафар болага бир марталик моддий ёрдам ҳам берилган. 17 нафар ёшга контракт пуллари тўлаб берилган. 2 нафар ёшга ҳайдовчилик гувоҳномаси ва 28 нафарига сафарбарлик чақирув резерви ҳаражатлари учун пул маблағлари йўналтирилган, — дейди ҳокимлик масъуллари.
Изоҳ (0)