Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Фарҳод Абдуллаев 1-октябр куни 66 ёшни қарши олди. Шу муносабат билан бугунги мавқейига осонликча эришмаган санъаткорнинг ҳаёт ва ижод йўлига назар ташлаймиз.
“Дадамдан эрта айрилганмиз”
Фарҳод Абдуллаев 1957 йилнинг 1-октябрида Қашқадарё вилоятининг Яккабоғ туманида дунёга келган. Оиласида тўққизта фарзанд бўлгани ва отадан эрта айрилишгани учун қаҳрамонимизнинг болалик йиллари қийинчилик билан ўтади.
— Оиламизда санъаткорлар бўлмаган, аммо онамнинг гўзал овози бор эди. Уй ишларини қилаётганида қўшиқларни шу қадар гўзал ижро этардики, тинглаган одам унга мафтун бўлиб қоларди. Тўй ҳашамларда “Фарҳоджон қани бир рақсга тушиб беринг-чи”, дерди. Иштиёқим баландлигидан онамнинг буйруғини рад этмасдим. Оиламиз камтарона ҳаёт кечирарди. Онам болалар билан уйда, дадам эса тирикчилик ғамида эди. Аммо 15 ёшимда дадамдан айрилиб қолдик. Катта рўзғор бўлганимиз учун онамга жуда қийин бўлди. У фаррош бўлиб ишга жойлашди, мен эса мактабдан кейин бозордагиларга қарашгани чиқардим. Ишлаганим эвазига рўзғорга у бу нарса беришарди, —дейди Фарҳод Абдуллаев.
“Театрда саҳна ишчиси бўлиб ишлаганман”
Бўлажак актёр мактабни тамомлаб, актёр бўлиш илинжида Тошкентга йўл олади. Аммо институтга ўқишга кириш у ўйлаганидек осон эмасди.
— Сир эмас, актёрларни танлашда бўй-басти ва ташқи кўринишига алоҳида эътибор беришади. Мени суҳбатдан ўтказганлар “Бўйи паст, кўриниши ҳам ҳаминқадар экан. Аммо йигитнинг таланти бор”, дейишгани қулоғимга чалинганди. Ўқишга қабул қилинганимни эшитганимда жуда хурсанд бўлдим. У пайтлари Тошкентдан бирор нарсага эришмай қайтиш иснод эди. Шу боис, ўқишга келган йигит-қизлар ўз ўрнини топишга астойдил ҳаракат қиларди. Мен ҳам ўқишга кирган йили ҳозирги ўзбек миллий академик драма театрига саҳна ишчиси бўлиб ишга кирганман. Бўйим кичкина бўлса-да, оғир саҳна безакларини кўтариш малол келмасди. Санъаткорлар орасида “Саҳнанинг чангини ютган” деган гап бор. Унинг машаққатини бошдан кечирган инсон, санъатга беписандлик билан қарамайди, — дейди Фарҳод Абдуллаев.
Тошкентдан топилган янги оила
Кўпчилик актёрнинг тошкентлик деб билади. Актёр бунинг ўзига хос тарихи борлигини қуйидагича баён қилади.
— Сир эмас, вилоятдан келган талабалар ижара уйда туришади. Театрда Бахтиёр ака деган яхши инсон билан танишиб қолганман. У киши Тошкентнинг маркази бўлган Себзорда яшарди. Мен ҳам уларнинг уйида яшаб, ишга қатнардим. Оналари Саида опа шу қадар меҳрибон эдики, фарзандларига қандай муносабатда бўлса, менга ҳам шундай эътибор берарди. Шу боис, институтда кўпчилик мени тошкентлик деб билган. Мен ҳам сир бой бермаганман, — дейди актёр Фарҳод Абдуллаев.
“Актёр штати бўйича ишга олишни исташмаган”
Актёр институтни тамомламасдан туриб, устоз санъаткорлар билан бирга роллар ижро этди. Аммо театр раҳбарияти уни актёр сифатида ишга олишни истамайди.
— Театрда саҳна ишчиси, суфлёр, ёрдамчи режиссёр лавозимларида ишлаганман. Аммо ўша пайтдаги театр раҳбари актёр штатига ишга олишни истамаган. Бир куни гап орасида Санъат Девоновга бу ҳақида айтиб юборибман. “Сени ҳали ҳам актёр штатига ишга олишмаганми? Ахир ҳамма спектаклда рол ижро этяпсан-ку?”, деб ҳайрон бўлган.
Институтни тамомлаган йилим бир неча ёш актёрлар билан бирга ҳозирги Ўзбек давлат драма театрига ишга юборилганман, — дейди актёр Фарҳод Абдуллаев.
“Саид Мухторовнинг роли каминага насиб этган”
Баҳодир Йўлдошев томонидан саҳналаштирилган “Келинлар қўзғолони” ва “Фармонбиби аразлади” спектакллари ўз даврининг аншлаги бўлган десак муболаға бўлмайди. Актёр тасодифан кенжа ўғил ролига тасдиқлангани ва ундан кўпчиликнинг “ғаши” келгани ҳақида сўзлаб берди.
— Бир куни “Ёш гвардия” театрида ўтирсам, “Сизни Баҳодир Йўлдошев чақиряпти. Тез борар экансиз”, деб бир йигит келди. Ҳайрон бўлиб, собиқ Хамза театрига келдим. Энг кўзга кўринган актёрлар тўпланган, Баҳодир ака рол тақсимлаётган экан. Аммо анча вақтгача нима хоҳлаётганини айтмади. Ҳатто, Зайнаб Садриева ҳам “Нима бўлаётганини тушунтир”, дер эди. Кейин билсам, Баҳодир Йўлдошев мени “Келинлар қўзғалони” спектаклидаги кенжа ўғил ролига таклиф этган экан. Бошқа театрда ишлаб туриб, ролга тасдиқланганим кўпчиликка ёқмаган. Бу рол аввалига Саид Мухторовга берилган, аммо режиссёр унинг театрдан кетиш ҳақидаги гапини эшитиб қолгандан кейин мени чақиртирган экан. Энг қизиғи, Саид Мухторов анча вақт тайёргарлик кўрилган бўлса-да, бу ролда саҳнага чиқиш менга насиб этган, — дейди Фарҳод Абдуллаев.
“Ишга олишмаса қишлоқда кетмон чопаман”
Баҳодир Йўлдошев истеъдодли актёрларни қанчалик қўллаб-қувватламасин тартиб-интизомга жиддий риоя қиларди. У собиқ “Ёш гвардия” театрида ишлаб юрган пайтда Фарҳод Абдуллаевнинг ишдан кетишига ҳам сабабчи бўлган.
— Баҳодир Йўлдошев ҳурматга сазовор режиссёр эди. Зулфиқор Мусоқов, Юсуф Розиқов каби режиссёрлар ролларга таклиф этиб, кинодаги фаолиятим гуркираётганда бир неча марта репитицияга кечикиб бордим. Бу режиссёрга ёқмади ва менга кино ёки театрни танлаш кераклигини айтди. Мен айбимни бўйнимга олиб, ишдан кетдим. Пиёда юриб собиқ Хамза театрига келдим “Э, нима бўлса бўлди. Агар бу театрдагилар ҳам ишга олмаса қишлоққа кетиб, кетмон чопаман”, деб ўша пайтдаги раҳбар Ёқуб Аҳмедовнинг олдига кирдим. У столининг устига “Қисқа ва лўнда гапиринг” деб ёзиб қўйган экан. “Ишсизман, ишга олсангиз Тошкентда қоламан. Бўлмаса қишлоққа қайтаман”, дедим. Ёқуб ака кулиб, “Эртадан ишда бўлгин”, деганди, — дейди Фарҳод Абдуллаев.
“Мен фақат комик актёр эмасман”
Кўпчиликнинг фикрича Фарҳод Абдуллаевга 40 ёшдан кейин омад кулиб боққан. Уни томошабинлар яхши актёр деб билшарди, аммо “Севинч” ва “Афғон” фильмларидаги ролларидан сўнг нафақат комик, балки драматик ролларни ҳам ижро этоладиган актёр эканини исботлай олди.
— Яхши режиссёр актёрни қайтадан кашф этади. Кўпчилик мени комик актёр деб билади. Аммо драматик роллар берилса, уларни ҳам ижро этишга тайёрман. Ёлқин Тўйчиев актёрнинг кўз илғамас жиҳатларини кашф этишга уста. “Афғон” фильмида мени актёр сифатида кашф этолган, деб ҳисоблайман.
Мен ошиқ йигит роллари билан эмас, айнан дардини кулгуси ортига яширолган ота ролида томошабинларга манзур келдим, — дейди Фарҳод Абдуллаев.
“Бундан ҳам ёмон бўлиши мумкин эди-ку”
Фарҳод Абдуллаев бир неча йил аввал қишда муз устида тасодифан йиқилиб оёғидан жиддий шикастланган. Унинг асорати сабаб узоқ вақт ҳассага таяниб юрди, ҳозир ҳам ҳаракатларида бу сезилади.
— Табиатан ичи қайнайдиган “питир-питир” инсонман. Оёғимни “гипс” қилишганда қандай аҳволга тушганимни тасаввур қилаверинг. Аммо нолимайман, бундан ҳам ёмон бўлиши мумкин эди-ю, дейман. Бу ҳам бир синов, — дейди актёр.
Фарҳод Абдуллаев камтарона ҳаёт кечирадиган ижодкорлардан бири. Турмуш ўртоғи боғчада тарбиячи бўлиб ишлаган, улар уч нафар фарзандларни вояга етказишган. Ҳозирги кунда 8 набиранинг севимли бобо-бувижониси бўлишган. Актёр узоқ йил кўп қаватли уйда яшаган ва пулларини жамғариб, 3-4 йил аввал кичик ҳовли қуришга муваффақ бўлди. У театрда актёр ва режиссёр, телеканалда эса бошловчи сифатида ҳам фаолият юритади. У ҳамкасби Муқаддас Холиқовага бағишлаб “Кўнгил” номли спектаклни саҳналаштирган.
Изоҳ (0)