Бухородаги Нодир Девонбеги мадрасаси олдига қимор рекламаси ўрнатилгани бўйича иш судга оширилди
Бухоро шаҳридаги Нодир Девонбеги мадрасаси олдига онлайн қимор ўйинига оид реклама баннери ўрнатилгани юзасидан иш судга юборилди. Бу ҳақда Маданий мерос агентлиги хабар берди.
Маълум қилинишича, мазкур объект Вазирлар Маҳкамаси қарорига мувофиқ моддий маданий мерос объекти сифатида давлат муҳофазасига олинган. Шунингдек, у ЮНЕСКО Умумжаҳон мероси рўйхатига киритилган ҳудуд таркибига киради. Агентликка кўра, Нодир Девонбеги мадрасаси миллий ва халқаро миқёсда алоҳида тарихий, меъморий ҳамда маданий аҳамиятга эга ёдгорлик ҳисобланади.
Қайд этилишича, маданий мерос объектлари ҳудудида ҳар қандай оммавий тадбирларни ўтказиш Маданий мерос агентлиги билан келишилиши ва тегишли рухсатнома олиниши шарт. Бироқ ҳудудда MMA жангларини ўтказиш билан боғлиқ ҳолатда бу талаблар бузилган. Ўрганишлар давомида тадбирни ўтказиш бўйича Бухоро вилояти ҳокими ўринбосари Бахтиёр Одилов томонидан тасдиқланган назорат режа Маданий мерос агентлиги билан келишилмагани аниқланган.
Шу муносабат билан 28 апрель куни агентликнинг Бухоро вилояти бошқармаси томонидан масъул шахсларга тадбирни тегишли рухсатнома олинмагунча тўхтатиш бўйича кўрсатма хати киритилган. Аммо агентлик маълумотига кўра, ушбу кўрсатма бажарилмаган ва тадбир барибир ўтказилган.
Шундан сўнг 29 апрель куни ҳолат юзасидан тегишли далолатнома расмийлаштирилиб, ҳужжатлар тўпланган. Улар асосида Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 198⁵-моддаси 1-қисмига мувофиқ маъмурий баённома тузилиб, иш материаллари суд органларига юборилган.
Агентлик бундай ҳолатни маданий мерос объектига нисбатан ҳурматсизлик деб баҳолаб, бу унинг тарихий қиёфаси ва маданий аҳамиятига салбий таъсир кўрсатишини таъкидлади.