НАТО бош котиби офиси раҳбари Стиан Йенссен Украина ўз ҳудудларининг бир қисмини Россияга бериши эвазига НАТОга аъзо бўлиши мумкинлигини айтди. Бу ҳақда VG нашри хабар берди.
Йенссеннинг таъкидлашича, бу Украинадаги урушни якунлашнинг бир қисми бўлиши мумкин.
“Менимча, урушни якунлашнинг бир ечими Украина ҳудудларидан воз кечиб, эвазига НАТОга аъзо бўлишидан иборат бўлиши мумкин”, — деди НАТО бош котиби офиси раҳбари.
У Украина қачон ва қандай шароитда Россия билан музокаралар олиб боришни хоҳлашини ўзи ҳал қилиши кераклигини билдирди.
“Украинанинг келажакда НАТОга аъзо бўлиши масаласида жиддий ҳаракат бўлди. Уруш яна такрорланмаслигидан ҳамма манфаатдор.
Россия катта ҳарбий қийинчиликларни бошдан кечирмоқда ва унинг янги ҳудудларни эгаллаши ҳақиқатга тўғри келмайдиган кўринади. Ҳозирда гап Украина айнан нимани қайтариб олиши ҳақида кетмоқда.”, — деди Йенссен.
Журналистнинг “НАТО Украина Россия билан тинчликка эришиш ва альянсга аъзо бўлиш учун ҳудудларни бериши керак, деб ҳисоблайдими?” деган саволига Стиан Йенссен урушдан кейинги эҳтимолий ҳолат муҳокамаси ҳозирданоқ давом этаётгани ва бошқа давлатлар ҳудудларни Россияга бериш масаласини кўтараётганини айтди.
“Шундай бўлиши керак, деб айтмаяпман. Аммо бу эҳтимолий ечим бўлиши мумкин”, — дея хулоса қилди у.
Изоҳ (0)