“Вагнер” хусусий ҳарбий кампанияси раҳбари Евгений Пригожиннинг самолёти яна Беларусга қўнди. Бу ҳақда “Беларуски Гаюн” мониторинг гуруҳи хабар берди.
Маълум қилинишича, соат 11:05 да Евгений Пригожиннинг Embraer Legacy 600 бизнес-жети (рўйхат рақами RA-02795) Macҳулишидаги ҳарбий аэродромга келиб қўнган. Кузатувчилар самолёт Беларусга Санкт-Петербургдан келганини айтмоқда.
Таъкидланишича, исён бостирилганидан бери Пригожиннинг самолёти Беларусга тўртинчи бор келиши ҳисобланади. У охирги марта 27 июнь, 1 июль ва 11 июль кунлари учиб келган, ўшанда Пригожин Осиповичи яқинидаги чодир лагерида тунаб қолган.
Пригожин исёни
“Вагнер” билан боғлиқ воқеалар Пригожин Россия Мудофаа вазирлигини вагнерчилар лагерига зарба беришда айблаб, жавоб беришга ваъда берганидан кейин бошланди. 24 июнь куни эрталаб “Вагнер” кучлари Ростов-Дондаги Жанубий ҳарбий округи штаб-квартирасини тўсиб, Москва томон йўл олди. Россия Мудофаа вазирлиги айбловларни рад этиб, буни провокация деб атади.
Ўша куни кечқурун Лукашенко билан музокаралар натижасида Пригожин чекинишни эълон қилди. Кремль Пригожинга қарши қуролли исён бўйича жиноий иш тўхтатилиши, вагнерчилар жиноий жавобгарликка тортилмаслиги ва Пригожиннинг ўзи Беларусга кетиши мумкинлигини билдирди.
Изоҳ (0)