“Экологуз” Telegram каналида Фарғона вилояти Қува туманида яшовчи номаълум фуқаро томонидан бўри болалари сотилаётгани ҳақида хабар қилинган эди. Унда айтилишича, ит савдосига ихтисослашган Telegram каналда 15-20 кунлик, 3 бош урғочи бўри болалари сотилиши эълон қилинган.
Эълонда сотувчининг телефон рақамлари кўрсатилмаган, фақат Telegram аккаунтининг манзили қайд этилган. Бўри болаларининг неча пулдан сотилиши айтилмаган.
Ҳолат юзасидан “Дарё” мухбири “Эколог” бирлашмаси раҳбари Наргиз Қосимова билан боғланиб изоҳ олди.
“Ёввойи ҳайвонларни сотиш учун лицензияси бўлиши ва Экология вазирлигининг рухсатномаси талаб этилади. Ёввойи ҳайвонот олами халқ мулки. Бўри “Ўзбекистон қизил китоби”га киритилмаган бўлса-да, уни олди-сотдиси билан шуғулланишга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ”, — деди у.
Экофаолнинг таъкидлашича, бўри болалари савдоси билан шуғулланаётган шахс уларни сотиб даромад кўряпти ва бу жавобгарликка асос бўла олади, — деди “Эколог” бирлашмаси раҳбари, — “Табиатга етказилган зарарни Экология вазирлиги инспекторлари ҳисоблаб чиқишлари лозим”.
Мазкур масала юзасидан Экология вазирлигининг “Дарё”га маълум қилишича ҳолат ўрганилмоқда, якунлари бўйича қўшимча ахборот берилади.
“Дарё” мухбири бўри болаларни сотаётган шахс билан боғланишга муваффақ бўлди. Аниқланишича, жажжи бўрилар 600 минг сўмдан сотиб юборилган.
Изоҳ (0)