Тожикистон Ички ишлар вазирлигининг Уюшган жиноятчиликка қарши кураш бошқармаси бошлиғи ёрдамчиси Акмал Юсуфзода одам ўғирлашда гумонланиб қўлга олинди. Бу ҳақда “Озоди” манбаларига таяниб хабар берди.
Манбаларнинг айтишича, Тожикистон давлат тижорат университетининг 38 ёшли ўқитувчиси Исмоил Раҳмонов 12 июнь куни бедарак йўқолган. Ўша университетда Раҳмоновнинг рафиқаси ва Юсуфзоданиг рафиқаси ҳам ишлайди. Раҳмонов йўқолишидан аввалги куни аёллар ўртасида низо келиб чиққан ва ИИВ ходими Раҳмоновни суҳбатга чақирган.
“12 июнь куни кечки пайт у (Юсуфзода) Исмоил Раҳмоновни мажбуран машинага ўтқазиб, номаълум томонга олиб кетди. Университет ўқитувчисининг қаердалиги, тирикми ёки йўқлиги номаълум”, — деди “Озоди”га манбалардан бири.
Нашр муҳаррирларига Раҳмоновни икки киши ерда судраб кетаётгани акс этган видеоёзув келиб тушди. Кадрларга кўра, воқеа кечаси пойтахтнинг “1-Совецкий” микрорайонида содир бўлган, у ерда Раҳмоновнинг синглиси истиқомат қилади.
“Озоди”нинг тергов органларидаги манбаси шундай дейди:
“Суриштирув чоғида Акмал Юсуфзода Исмоил Раҳмоновни Варзоб дарасига олиб бориб, қўйиб юборганини айтди, аммо бунга ишониш қийин”.
Айни пайтда Раҳмоновнинг яқинлари унинг жасадини Зарафшон дарёси бўйидан қидирмоқда.
Юсуфзода Тожикистон Бош прокуратураси ходимлари томонидан қўлга олинган. Назорат органи ва Ички ишлар вазирлиги амалдорнинг ҳибсга олинишига изоҳ бермаяпти.
Изоҳ (0)