Кувайт Туркия билан Bayraktar ТB2 зарба берувчи дронларини етказиб бериш бўйича шартнома тузди. Шартнома суммаси 367 миллион долларни ташкил этади.
“Кувайт Мудофаа вазирлиги Туркия томони билан Bayraktar ТB2 дронлари комплексини етказиб бериш бўйича 367 миллион доллар миқдорида тўғридан тўғри шартнома тузди”, — дейилади хабарда.
Гап нечта дрон ҳақида кетаётганига аниқлик киритилмаган. 2019 йил июль ойида Bayraktar ТB2 Кувайтда бир қатор синовлардан ўтди. Қурилма юқори ҳарорат, шамол ва қум бўронлари каби мураккаб иқлим шароитида 23 соатдан ортиқ тўхтовсиз ҳавода қола олди.
Кувайт ушбу дронларни сотиб олиш бўйича шартнома имзолаган дунёдаги 28-давлат бўлди.
Ўз навбатида, Туркиянинг Baykar компанияси Bayraktar ТB2’ни Кувайтга етказиб беришни аллақачон якунлаганини айтди. Дронларни етказиб бериш тендерида АҚШ, Европа Иттифоқи ва Хитой компаниялари ҳам иштирок этгани, натижада Туркия устунлик қилгани айтилган.
Изоҳ (0)