Тошкент шаҳрининг Яшнобод ҳамда Чилонзор туманлари ҳудудидаги айрим аҳоли яшаш хонадонлари ҳамда кичик тадбиркорлик субъектларида электр энергияси 3 июнь куни соат 18:00 га қадар ўчирилди. Бу ҳақда пойтахт ҳокимлиги матбуот хизмати хабар берди.
Қайд этилишича, истеъмолчиларга сифатли ва барқарор электр энергиясини етказиб берилишини таъминлаш мақсадида таъмирлаш ишлари олиб борилмоқда. Шу сабабли электр тармоқларида содир бўлиши мумкин бўлган авария ҳолатларининг олдини олиш ҳамда таъмирлаш ишларини хавфсиз бажариш мақсадида:
- Яшнобод тумани “Миришкор” МФЙнинг Илғор шоҳ, Толариқ, Масжид ҳамда Дарҳон кўчалари ҳудудидаги аҳоли яшаш хонадонларида;
- Чилонзор туманининг Афшона, Илғор, Чўпон ота кўчалари ҳудудидаги аҳоли яшаш хонадонларида электр энергияси вақтинчалик ўчирилган.
“Ҳудудий электр тармоқлари” АЖ Тошкент шаҳар филиали мазкур таъмирлаш ишлари туфайли электр энергияси таъминотидаги вақтинча узилишлар сабабли етказилаётган ноқулайликлар учун ушбу ҳудудларда яшовчи истеъмолчилардан узр сўрайди.
Энергетика вазирлиги водий вилоятларининг айрим ҳудудларида 1 июнь куни электр таъминотида узилишлар кузатилгани бўйича тушунтириш берганди. Унга кўра, секундига 24 метр эсаётган кучли шамол туфайли водий вилоятларининг айрим ҳудудларида электр таъминотида узилишлар кузатилган. Шу сабабли хавфсизликни таъминлаш мақсадида Наманган, Фарғона ва Андижон вилоятларидаги айрим электр тармоқлари вақтинча тармоқдан ажратилган.
Изоҳ (0)