Ҳужумчи Карим Бензема мавсум якунида “Реал”ни тарк этмайди.
Marca нашрининг хабар қилишича, Бензема яна бир мавсум Мадрид жамоасида қолиш қарорига келган. У амалдаги шартномасининг охиригача клубда қолмоқчи.
Аввалроқ Саудия Арабистонининг “Ал-Иттиҳод” клуби 35 ёшли футболчига 2 йиллик шартнома учун 200 миллион евро маош таклиф қилаётгани ва футболчи буни қабул қилиши мумкинлиги ҳақида хабар қилинганди.
Қайд этилишича, франциялик футболчи арабларга бу таклифдан хурсанд эканлиги, бироқ уни рад этишини айтган.
Карим яна бир мавсум Европада кўтаринки мавсум ўтказишига ишонмоқда ва саудияликларнинг таклифи 2024 йилда ҳам ўз кучида қолишига умид қиляпти.
Бенземанинг “Реал” билан амалдаги шартномаси 2024 йилнинг ёзига қадар мўлжалланган. Айрим ОАВга кўра, араблар Бенземага катта маош таклиф қилгани билан трансфер учун “Реал”га пул тўлашни истамаган. Француз эса жамоасини қийин аҳволга солиб қўймаслик учун фойдали таклифдан воз кечган.
Франциялик форварднинг бу ёзда кетиши “Реал”нинг ёзги трансфер ойнаси учун режаларини буткул ўзгартириб юборарди. Клубнинг режасида бу ёзда топ-ҳужумчи олиб келиш варианти йўқ эди.
Француз жорий мавсум “қаймоқранглилар” сафида Ла Лигада 23 та ўйинда иштирок этиб, 18 та гол ва 3 та голли узатмага муаллифлик қилди.
Изоҳ (0)