Туркия президентлигига мухолифатдан номзод Камол Қиличдарўғли сайловда ғалаба қозонса, миллионлаб қочқинларни мамлакатдан чиқариб юборишини айтди. Бу ҳақда унинг нутқига таяниб, CNN Тurk хабар берди.
“Сайлансам, барча қочқинларни мамлакатига қайтариб юбораман”, — деди сиёсатчи.
Унинг сўзларига кўра, Туркияда 10 миллионга яқин қочқин бор.
“Агар улар мамлакатда қолса, 10 миллиондан ортиқ янги кўчманчилар Туркияга оқиб келади. Доллар курси эса 30 лирагача кўтарилади (ҳозирда бир доллар турк лирасига нисбатан 19,7 лирага тенг)”, — дейди Қиличдарўғли.
Сайловлар ҳақида
14 май куни Туркияда президентлик ва парламент сайловлари бўлиб ўтди. Биринчи тур натижаларига кўра, Эрдўғон 49,51 фоиз, Қиличдарўғли 44,88 фоиз овоз олган. Биринчи турда ғалаба қозониш учун номзодга 50 фоиздан кўпроқ овоз керак эди, шунинг учун овоз беришнинг иккинчи босқичи 28 май куни бўлиб ўтади.
Туркия Марказий сайлов комиссияси маълумотларига кўра, 14 май куни бўлиб ўтган сайловда иштирок этганлар 88,92 фоизни ташкил қилган. Кузатувчилар овоз беришнинг иккинчи босқичида ҳам сайловчиларнинг фаоллигини кутишмоқда.
Изоҳ (0)