Туркия президентлигига номзод, Ватан партияси етакчиси Муҳаррем Инже 14 май, якшанба куни бўлиб ўтадиган сайловлардан чиқишини маълум қилди. Бу ҳақда Anadolu хабар берди.
Инже мазкур хатти-ҳаракатига сайловолди ташвиқоти пайтида унга зарба берган компроматлар тўлқини сабаб бўлганини айтди. Сиёсатчи 45 кун давомида унинг сохта, компромат суратлари турк оммавий ахборот воситаларида тарқалиб кетгани ва ҳуқуқ-тартибот идоралари бу фактларни текширишдан четлашганини таъкидлади.
Инже, шунингдек, давлат унинг мамлакат фуқароси ва Туркия президентлигига номзод сифатидаги обрўсини ҳимоя қила олмаганини билдирди.
Deutsche Welle нашрига кўра, Инже президентлик пойгасида бирор номзод фойдасига ўз номзодини қайтариб олаётганини айтмаган. Шунингдек, Туркия фуқароларини 14 май куни президентлик сайловлари билан параллел равишда ўтказиладиган парламент сайловларида ҳам ўз партиясига овоз беришга чақирган.
2018 йилда Эрдўғонга сайловда мағлуб бўлган Муҳаррем Инже ҳукмрон Адолат ва тараққиёт партиясининг “ҳимоячиси” бўлганликда айбланган.
Туркиялик ижтимоий тармоқ фойдаланувчилари ва таҳлилчиларининг қайд этишича, Инже ҳукмрон партия ва унинг етакчисини танқид қилиш ўрнига асосий эътиборни мухолифат номзодига қаратган. Масалан, у ҳукмрон партияни қўллаб-қувватлаган ва Қиличдорўғлини FETO (Fetullahchi Теrör Örgütü) билан алоқада бўлганликда айблаган — турк расмийлари Гуллен Ҳаракатини шундай атайди ва унинг номига “террор ташкилоти” сўзини қўшиб фойдаланади.
Амалдаги қонунчиликка кўра, Туркия президентлигига номзодлардан бири ғалаба қозониш учун 50 фоиздан кўпроқ овоз тўплаши керак. Агар уларнинг ҳеч бири буни уддалай олмаса, овоз бериш етакчилари ўртасида иккинчи тур ўтказилади — у 28 майга белгиланган.
Изоҳ (0)