Наманган вилоятида бола ўғрилари юргани айтилган видео ижтимоий тармоқларда кўплаб муҳокамаларга сабаб бўлди. Вилоят ИИБ мазкур видеога изоҳ берди.
Видеодаги ҳолат ўрганилганда аслида тасвирдаги шахслар Андижон вилоятидан Наманганга қарз эвазига берилган маблағларини ундириш мақсадида келгани маълум бўлди.
“Биз бола ўғирлаш мақсадида эмас, бошқа мақсадда келган эдик. Ҳақимизни олгани келган эдик”, — дейди тасвирдаги аёл.
Шунингдек, видеони тасвирга олган фуқаро улардан шубҳаланганини айтиб, видеони фақат маҳалла раисига юборганини таъкидлаган.
“Танишим телефон қилиб кўчада шубҳали шахслар юрганини айтди. Кўчага чиқсам, майда болалар ўйнайдиган жойда икки киши ўтирган экан. Олдимдан ўтиб кетишаётганда кимлигини сўрадим улардан. Кейин Турдихон деган шахсни излаб келишганини, улардан қарзи борлигини айтишди. Бу ерда ундай инсон йўқлигини, 15 йилдан буён шу маҳаллада яшашимни айтдим. Яна ҳам шубҳаландим-да, уларни тасвирга олдим. Маҳалла комитети шахсийига видеони юбордим”, — дейди ушбу видеотасвир муаллифи.
Изоҳ (0)