Украина ўқ-дорилар етишмаслиги ва ёмон об-ҳаво туфайли баҳорги қарши ҳужумни кечиктиришга мажбур бўлди. Бу ҳақда The Washington Post нашри хабар берди.
Нашрнинг ёзишича, Украина ўз ҳудудларини қайтариб олиш ниятида, шу учун барча таркибий қисмларга эга бўлмаган ҳолда қарши ҳужумни бошлашга таваккал қилолмайди.
“Кутилаётган баҳорги ҳужум Украина учун ҳудудларни қайтариб олишда ҳал қилувчи имконият сифатида тақдим этилди. Аммо об-ҳаво, техникаларни етказиб беришдаги секинлик ва ўқ-дорилар етишмаслиги туфайли операция кечиктирилди”, — дейилади мақолада.
Бахмутда жойлашган Украина Қуролли кучлари бўлинмаларидан бирининг қўмондони украиналиклар “яқинда сафарбар қилинган” Россия қўшинларини кузатганини айтди. Унинг сўзларига кўра, руслар “ўз позицияларини жуда яхши мустаҳкамламоқда". Украиналик қўмондон баъзи жанглар муваффақиятли бўлишига қарамай, унинг бўлинмаси кенг кўламли ҳужумга тайёр эмаслигини таъкидлади.
Шунингдек, Украина армиясининг аҳволи ва қарши ҳужум режаларини тавсифловчи Пентагоннинг “сизиб чиққан” махфий ҳужжатлари ҳам қарши ҳужумга ўтишга имкон бермаётгани қайд этилди.
Изоҳ (0)