Андижон вилоятининг икки туманида кредит маблағларини ўзлаштирган корхоналар раҳбарларига жиноят иши қўзғатилди. Бу ҳақда Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти ахборот хизмати хабар берди.
Хабарга кўра, ҳолатлардан бири Бош прокуратура ҳузуридаги Департаментнинг Булоқбоши туман бўлими томонидан АТ “Халқ банки” Булоқбоши филиалининг мурожаатига асосан ўтказилган терговга қадар текширувда аниқланган. “М.” фермер хўжалиги раҳбари М.I. ва бошқалар ушбу банк филиалидан ажратилган 1,4 миллиард сўм кредит эвазига “Н.” фермер хўжалигидан шартномада кўрсатилган 833 бош наслли эчкининг ўрнига, 253 бош маҳаллий эчкиларни харид қилиб, жами 1,2 миллиард сўм кредит маблағини ўзлаштириш йўли билан талон-торож қилганлиги аниқланган.
Шунингдек, департаментнинг Қўрғонтепа туман бўлими томонидан тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш юзасидан ўтказилган терговга қадар текширувда, “Р.Б.” МЧЖ раҳбари Ш.У. ва бошқалар “Қ.и.” оилавий корхонасига ҳудудий тижорат банки филиалидан ажратилган кредит эвазига шартномада кўрсатилган инкубатор ускунасини етказиб бермасдан жами 720 миллион сўм кредит маблағини ҳужжатларни сохталаштириш йўли билан бошқа мақсадларда сарфлаб юборгани аниқланган.
Мазкур ҳолатлар юзасидан Жиноят кодексининг 167-моддаси (ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш), 168-моддаси (фирибгарлик) ва 228-моддаси (ҳужжатлар, штамплар, муҳрлар, бланкалар тайёрлаш, уларни қалбакилаштириш, сотиш ёки улардан фойдаланиш) билан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.
Изоҳ (0)