Тошкент вилояти Бўка туманида каналларни тозалаш учун ажратилган қарийб 155 миллион сўмни ўзлаштирган МЧЖ раҳбари ушланди. Бу ҳақда Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти ахборот хизмати хабар берди.
Хабарга кўра, департаментнинг Бўка туман бўлими томонидан ўтказилган терговга қадар текширувда, “Б.” МЧЖ раҳбари М.Х. туман ирригация бўлими тасарруфидаги 5 та канални тозалашда ҳужжатларга амалда бажарилмаган ишларни қўшиб ёзиш орқали жами 154,9 миллион сўмни ўзлаштириш йўли билан талон-торож қилгани аниқланган.
Шунингдек, департаментнинг Бағдод туман бўлими томонидан ўтказилган терговга қадар текширувда, “Д.П.” МЧЖ ҳамда “С.Т.” УК Фарғона вилояти филиали масъул шахслари тумандаги оқава сув тармоғи қурилишида ҳужжатларга амалда бажарилмаган ишларни қўшиб ёзиш орқали жами 373,5 миллион сўмни ўзлаштириш йўли билан талон-торож қилгани аниқланган.
Мазкур ҳолатлар юзасидан Жиноят кодексининг 167-моддаси (ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш) ва 228-моддаси (ҳужжатлар, штамплар, муҳрлар, бланкалар тайёрлаш, уларни қалбакилаштириш, сотиш ёки улардан фойдаланиш) билан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.
Изоҳ (0)