Россиянинг “Бюллетен кинопрокатчика” журнали бош муҳаррири Александр Нечаев 37 ёшида вафот этди. Бу ҳақда журнал Telegram канали хабар берди.
Журналистнинг ҳамкасби ва дўсти Денис Корсаковнинг айтишича, Нечаев Тошкент шаҳридаги квартиралардан бирида ўлик ҳолда топилган. У журналист билан охирги марта 4 март куни боғланган.
“Биз чексиз қайғу билан журнал бош муҳаррири Александр Нечаевнинг тўсатдан вафот этганини маълум қиламиз. Саша ақлли ва меҳрибон инсон, профессионал ва истеъдодли журналист эди”, — дейилади журнал хабарида.
Денис Корсаковнинг айтишича, Нечаев бир неча ой яшаш учун Тошкентга кетган ва апрель ойида Москвага қайтишни режалаштирган. 6 март куни Нечаев алоқага чиқишнинг иложи бўлмаган, унинг дўстлари тошкентлик танишларидан ҳаммаси жойида ёки йўқлигини текширишни сўраган.
Улар уй эгаси ва ички ишлар ходимлари билан биргаликда ижарага олинган хонадонга келган. Шу пайтда Александр Нечаев ўлик ҳолда топилган. У нима сабабдан вафот этгани ҳозирча аниқ эмас. Журналист юрак хуружидан ўлгани тахмин қилинмоқда.
Бош прокуратура ахборот хизматига кўра, ҳозирда Мирзо Улуғбек тумани прокуратураси журналист Александ Нечаев ўлими юзасидан текширув ўтказмоқда. Ўлим сабабини аниқлаш мақсадида суд-тиббий экспертизаси тайинланган. Текширув натижалари бўйича маълумот берилади.
Изоҳ (0)