Маълум қилинишича, 1980 йилда туғилган чет эл фуқароси Қорақалпоғистон Ички ишлар вазирлигига ариза билан мурожаат қилган. Аризада ўзи раҳбарлик қилаётган жамиятнинг Нукус шаҳридаги филиалида ўтган йилнинг ноябрь ойидан 2026-йилнинг февраль ойигача оператор сифатида ишлаган С исмли шахснинг унга интернет орқали хат ёзиб, ушбу жамиятнинг обрўсини туширувчи маълумотлар борлигини айтиб, қўрқитаётганини билдирган.
Ҳар хил гаплар билан босим ўтказган мазкур С исмли Нукус шаҳрида истиқомат қилувчи фуқаро 200 минг доллар бермаса, ушбу маълумотларни оммавий ахборот воситаларига тарқатиб юборишини айтган.
Мазкур фуқаро муқаддам Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан судланган бўлса-да, яна жиноят кўчасига кирган. Амалга оширилган тезкор-қидирув тадбири давомида С исмли фуқаро Нукус шаҳридаги меҳмонхоналардан бирида ариза эгасидан 200 минг долларни олган вақтида тадбир иштирокчилари томонидан ашёвий далиллар билан ушланган.
Фото: ИИВ
Мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 165 моддаси (товламачилик) билан жиноят иши қўзғатилган.
Апрель ойининг бошларида Тошкентдаги МЧЖда ҳайдовчи бўлиб ишлайдиган шахс ушбу жамият офисидаги сейфдан 50 минг доллар ўғирланишига ёрдам бергани хабар қилинганди.