АҚШ давлат университетлари талабаларга кампусга тегишли Wi-Fi тармоқлари орқали TikTok’дан фойдаланишни тақиқлади. Бу ҳақда The New York Times хабар берди.
Маълум қилинишича, таълим муассасалари расмийлар томонидан эълон қилинган тақиқларга амал қилишга мажбур. АҚШда охирги бир ярим ой ичида 19 нафар губернаторга TikTok’дан фойдаланиш тақиқланган. Президент Жо Байден маъмурияти ижтимоий тармоқ АҚШ миллий хавфсизлигига таҳдид солиши мумкинлигидан хавотирда. TikTok’га эгалик қилувчи ByteDance билан бу бўйича музокаралар давом этмоқда.
Давлат университетлари тақиққа амал қилишга мажбур. Ҳозирда Алабама штатидаги Auburn университетида талабаларга TikTok’дан фойдаланишга тақиқ қўйилган. Айдаҳо штатидаги коллежлар, жумладан, Бойсе ва Оклахома университети ҳам тақиқни амалга ошириш жараёнида. Айдаҳо университетининг TikTok’даги расмий аккаунти ҳам ўчирилган. Монтана штатидаги университетлар ва коллежлар ҳам тақиқларни амалга оширишга тайёр.
Янги тақиқлар TikTok’ни асосий аудитория ҳисобланган ўсмирлар ва ёшларнинг тармоқдан фойдаланишини чеклайди. Pew Research Center маълумотларига кўра, АҚШдаги ўсмирларнинг учдан икки қисми тармоқдан фойдаланади ва бу ёшлар орасида YouTube’дан кейин иккинчи ўринда туради. TikTok вакиллари ушбу чекловлардан хавотирда эканини билдирган.
«Биз жуда кўп штатларнинг киберхавфсизликни яхшилашга ҳеч қандай таъсир қилмайдиган сиёсий курашга қўшилаётганидан хафамиз. Бу TikTok ҳақидаги асоссиз ёлғонларга асосланган», — деди TikTok вакили Жамол Браун.
Мавзуга доир: АҚШ Конгрессининг Вакиллар палатаси TikTok’дан фойдаланишни тақиқлади
Изоҳ (0)