Япония ҳукумати келгуси беш йил ичида мамлакат мудофаа қобилиятини ошириш учун 40 триллион иенадан (290 миллиард доллардан ортиқ) ортиқ маблағ сарфлашни режалаштирмоқда. Бу ҳақда Япониянинг Yomiuri газетасига таяниб, «ТАСС» хабар берди.
Маълумотларга кўра, ҳозирда тегишли режа кўриб чиқилмоқда. Япония ҳукумати ҳар йили ялпи ички маҳсулотнинг 2 фоизидан кўпроғини мудофаага сарфлашни режалаштирмоқда.
Япония Мудофаа вазирлиги 2023-молия йили учун 5,59 триллион иенадан (тахминан 40 миллиард доллар) ортиқ бюджет сўрашни режалаштирмоқда.
Агар бу талаб маъқулланса, Токионинг ҳарбий харажатлари жорий йилга нисбатан 4 фоиздан кўпроққа ошади. Шу билан бирга, маҳаллий ОАВ маълумотларига кўра, сўралган бюджетнинг кўплаб моддалари бўйича ҳозирча аниқ миқдорлар кўрсатилмаган.
Бу маблағлар, хусусан, узоқ масофага учувчи ракеталар, ҳужумчи учувчисиз самолётлар ва гипертовушли тизимларни тутиб олишга қодир бўлган янги ракетага қарши мудофаа тизимларини яратиш ва оммавий ишлаб чиқаришга йўналтирилиши кўзда тутилган.
Япония сўнгги бир неча йил ичида мудофаа харажатларини мунтазам ошириб борди — жорий молиявий йилда (2022 йил апрелда бошланган) ушбу мақсадлар учун ажратмалар 5,37 триллион иенага (ҳозирги курс бўйича 39,1 миллиард доллар) етди. Бу рекорд даражадаги юқори кўрсаткич эди.
Изоҳ (0)