Наманганда «Физика – 2022» халқаро форуми бўлиб ўтди. Бу ҳақда «Дарё» мухбири Азизбек Абдувалиев хабар бермоқда.
Наманган муҳандислик-технология институти ташаббуси билан Фанлар академияси, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, вилоят ҳокимлиги, Наманган муҳандислик-қурилиш институти ва Наманган давлат университети ҳамкорлигида ташкилланган анжуманда физика фанининг бугунги куни ва келгусидаги истиқболлари муҳокама қилинди.
Тадбирда АҚШ, Германия, Россия, Малайзия, Сингапур, Беларусь, Австралия, Франция, Италия, Португалия, Ҳиндистон, Хитой, Жанубий Корея, Замбия, Қозоғистон, Тожикистон ва Қирғизистон каби хорижий давлатларнинг нуфузли олий ўқув юртлари ректорлари, академиклар, профессор ва тадқиқотчиларнинг маърузалари тингланди, тақдимотлар ўтказилди.
Форум доирасида Ўзбекистон Фанлар академияси президенти Беҳзод Йўлдошевнинг ёш олимлар ва иқтидорли талабалар билан мулоқоти бўлиб ўтди. Улар академикка ўзларини қизиқтирган саволлар билан мурожаат этди, физика фанини янада ривожлантириш ва оммалаштириш билан боғлиқ таклифларини билдирди.
Халқаро форумда Намангандаги олий ўқув юртлари Ўзбекистон Миллий университети ҳузуридаги ярим ўтказгичлар ва микроэлектроника институти, Фанлар академиясининг Материалшунослик ҳамда Физика-техника институтлари билан ҳамкорлик шартномаларини имзолади.
Мавзуга доир: Физика бўйича 2022 йилги Нобель мукофоти совриндорлари эълон қилинди
Изоҳ (0)