Тошкент шаҳри Олмазор туманидаги мой ишлаб чиқариш цехида 17 сентябрь куни ёнғин содир бўлгани ҳақида хабар берилганди. Фавқулодда вазиятлар вазирлиги маълумотига кўра, ёнғин бартараф этилди.
Қайд этилишича, соат 18:07 да Қизғалдоқ кўчасида жойлашган мой ишлаб чиқариш цехи ҳудудида 4 та резервуарда нефть маҳсулоти ёнган. Шунга кўра ёнғин-қутқарув экипажлари соат 18:17 да воқеа жойига етиб бориб, ёнғин соат 18:55 да ўраб олинган ва соат 18:58 да ўчирилган.
Ҳодиса жойига Ўзбекистон ФВВ раҳбарияти, Тошкент шаҳри ФВБ ва туман ФВ бўлими раҳбар ходимлари етиб борган. Ёнғинни бартараф этишга 7 та ёнғин-қутқарув экипажи, 1 та кўпик ҳосил қилувчи автомобиль, 2 та автонарвон жалб этилган.
Ёнғин оқибатида фуқароларнинг тан жароҳати олиш ва ҳалок бўлиш холатлари тўғрисида хабар келиб тушмаган. Ҳозирда ёнғиннинг келиб чиқиш сабаби ва келтирилган моддий зарар миқдори аниқланмоқда.
Изоҳ (0)