Навоий вилояти Кармана тумани ҳудудидан оқиб ўтувчи Зарафшон дарёси қирғоқларида 829 дона балиқ нобуд бўлгани ҳақида хабар берилганди. Вилоят Ички ишлар бошқармаси ҳолат юзасидан қўшимча ахборот берди.
Қайд этилишича, «Навоийазот» АЖ томонидан Зарафшон дарёсига ташланадиган ифлосланган сувлар таркибида азот кислоталарининг миқдори тавсия қилинганидан ортиб кетган. Бунинг оқибатида жорий йилнинг 4 сентябрь куни Зарафшон дарёсининг Кармана туманидан ўтувчи қисмида дарёда яшовчи тирик жонзотлар нобуд бўлган.
Ҳолатни ўрганиш, сув ҳамда ўлган жонзотлардан наъмуналар олиш мақсадида вилоят ИИБ ва тегишли ташкилотлардан мутахассислар жалб қилиниб, ишчи гуруҳ тузилган. Мутахассислар иштирокида нобуд бўлган жонзотлардан ҳамда Зарафшон дарёсига қуйиладиган оқова сувлардан намуналар олиниб, тегишли экспертизалар тайинланган.
Ҳозирда ҳолат юзасидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Изоҳ (0)