Сирдарё вилояти марказидан Тожикистон орқали Қўқон шаҳрига автобус қатнови йўлга қўйилади. Бу ҳақда вилоят транспорт бошқармаси ахборот хизмати хабар берди.
Маълум қилинишича, тез кунда Гулистон шаҳрини Тожикистон орқали Фарғона водийси билан боғловчи Гулистон—Қўқон вилоятлараро-шаҳарлараро йўналишида автобуслар қатнови иш бошлайди.
Қатновлар ҳар икки тарафдан кунига бир марта амалга оширилади. Гулистон шаҳридан жўнайдиган автобус «Ховособод» ҳамда Фарғона вилояти яқинидаги «Андархон» чегара божхона постлари орқали Қўқон шаҳрига етиб боради.
Ушбу йўналиш масофаси 264,3 километр бўлиб, йўл ҳақи 50 минг сўм атрофида бўлиши кутилмоқда. Йўловчиларда хорижга чиқиш паспорти бўлиши талаб этилади.
Мавзуга доир: Тошкентдан Нижний Новгородга автобус қатнови тикланди
Изоҳ (0)