Ўзбекистон Мудофаа вазирлиги ҳарбий хизматчилари «АрМИ—2022» халқаро армия ўйинлари доирасида ўтказилган «Саян юриши» мусобақасида кучли учликдан ўрин олди. Бу ҳақда вазирлик матбуот хизмати «Дарё»га маълум қилди.
Маълум қилинишича, бир неча кун давомида Россия ҳудудида ўтказилган мусобақада Ўзбекистон, Хитой, Россия, Россия аёллар жамоаси, Қирғизистон, Тожикистон, Эрон, Абхазия ва Жанубий Осетия давлатларидан жами 9 та жамоа иштирок этган.
Мусобақа низомига кўра, жамоалар ҳаракатланиш қийин бўлган тоғ ҳудудларида 50 километрлик маршрутни босиб ўтиб, 12 та шарт бўйича кўрсатилган меъёрларни маҳорат билан бажарган.
Умумий натижалар бўйича Россия жамоаси биринчи, Хитой жамоаси иккинчи, ўзбекистонлик ҳарбий хизматчилари эса учинчи ўринни эгаллаган. Ғолиб ва совриндорларга медал ҳамда халқаро армия ўйинларининг эсдалик совғалари тантанали равишда топширилган.
Таъкидланишича, 17 апрель куни мазкур мусобақада иштирокчилари Тошкент халқаро аэропортида тантанали равишда кутиб олинган.
Аввалроқ ўзбекистонлик ҳарбийлар Британияда ўтказилган «Кембрия патрули» мусобақасида 2-ўринни эгаллагани, Ўзбекистон жамоаси «АрМИ-2021» халқаро армия ўйинлари якуни бўйича умумжамоа ҳисобида 2-ўринни эгаллагани тўғрисида хабар берилганди.
Мавзуга доир: Ўзбекистон армияси Марказий Осиёда энг кучли деб топилди
Изоҳ (0)