Наманган вилоят ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган ходимлари томонидан ўтказилган тезкор тадбирда Поп туманида хўроз уриштириш ўйинларини ташкил қилган шахслар фаолиятига чек қўйилди, деб хабар беради Тергов департаменти.
Маълум қилинишича, 25 январь куни ўтказилган тадбир давомида 54 ёшли М.С. туманнинг Мингак кўчасида жойлашган ўзига тегишли дала ер майдонини 41 ёшли М.У. билан биргаликда қиморхона ташкил қилиш мақсадида унинг атрофини полиэтилен пакет билан ўргани аниқланган.
Улар махсус тайёрланган жойда қонунга хилоф равишда қимор ва таваккалчиликка асосланган хўроз уриштириш ўйинини ташкил этиб келган ва ўйинда иштирок этиш ва томоша қилиш учун келган фуқаролардан 25 минг сўм пул олган. Тадбир иштирокчилари томонидан ҳодиса жойи кўздан кечирилиб, унда 8 дона хўроз, 176 дона кириш чипталари ва 3 миллион сўм пул ашёвий далил тариқасида расмийлаштириб олинган.
Мазкур ҳолат юзасидан Поп туман ИИБ ҳузуридаги Тергов бўлинмаси томонидан М.С. ҳамда М.У.га нисбатан Жиноят кодексининг 278-модда 1-қисми (қимор ва таваккалчиликка асосланган бошқа ўйинларни ташкил этиш ҳамда ўтказиш) билан жиноят иши қўзғатилиб, уларга нисбатан қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланилган. Бу турдаги жиноятлар учун Жиноят кодексининг нормаларига кўра, 7 йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланиши мумкин.
Ушбу ҳолат юзасидан ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, 2020 йилнинг январида Самарқанд вилояти Давлат хавфсизлик хизмати ва вилоят ИИБ тезкор хизмат ходимлари томонидан олиб борилган тезкор тадбир давомида Оқдарё туманидаги «Маҳалла» қишлоғидаги 14 сотих ер майдонининг 3,5 сотихида хўрозлар жанги учун арена фаолиятига чек қўйилганди.
Изоҳ (0)