Қозоғистон президенти Қосим-Жўмарт Тўқаев фуқароларга йўллаган мурожаатида мамлакатдаги оммавий тартибсизликлар пайтида ҳалок бўлганлар ва жароҳатланганлар борлиги ҳақида гапирди. Сиёсатчининг мурожаати «Хабар 24» давлат телеканалида намойиш этилган, деб ёзади «Интерфакс».
«Ҳалок бўлганлар ва яраланганлар бор, босқинчи унсурлар оломони ҳарбий хизматчиларни калтакламоқда, масхара қилиб, кўчаларда яланғоч ҳолда ҳайдамоқда, аёлларни ҳақоратлаб, дўконларни талон-торож қилмоқда. Вазият барча Олмаота аҳолиси хавфсизлигига таҳдид солмоқда. Бунга эса тоқат қилиб бўлмайди. Олмаотадан ташқари яна бир қанча марказларда ҳам вазият кескинлашган, шу муносабат билан мен бир қатор ҳудудларда фавқулодда ҳолат эълон қилдим», — деди Қозоғистон президенти.
Тўқаев ҳалок бўлганлар ва ярадорларнинг сонига аниқлик киритмади. У намойишчиларга қарши имкон қадар қаттиққўллик билан иш олиб боришга ваъда берди.
Мавзуга доир: Қосим-Жўмарт Тўқаев: «Қозоғистондаги намойишлар ортида молиявий қўллаб-қувватланаётган фитначилар турибди»
Аввалроқ Олмаота полицияси шаҳарда 120 дан ортиқ автомобиль, жумладан, 33 та полиция машиналари ёқиб юборилгани, 120 та дўкон, 180 та умумий овқатланиш шохобчаси, 100 га яқин идора вайрон қилингани ҳақида хабар берган эди. Шунингдек, 500 дан ортиқ одам калтаклангани айтилган.
«Хабар 24» телеканали Жамоат соғлиқни сақлаш бошқармасига таяниб, Олмаотада 190 киши шифокорларга мурожаат қилгани ҳақида хабар берган. Улардан 40 нафари касалхонага ётқизилган, яна етти нафар жабрланувчи реанимацияда. Яраланганлар орасида 137 нафар полиция ходими ва 53 нафар тинч аҳоли вакиллари бор, дейилади хабарда.
Изоҳ (0)