Бундан беш ярим ой аввал Андижон вилоятида 5 ойлик келинчак беш киши томонидан зўрлангани ҳақида ижтимоий тармоқларда хабарлар тарқалди. Унда келин дала шийпонида идишларни ювиш учун чиққанда, уни кўрган 5 нафар спиртли ичимлик таъсирида бўлган эркаклар мажбурлаб шийпонга олиб кириб, қўл-оёғини боғлаб, зўрлагани айтилган. Келиннинг яқинлари уни зўрлаган эркакларга қонуний чора кўришни сўраган.

Тарқалган хабарлар юзасидан Андижон вилояти ИИБ матбуот хизмати 13 май куни фуқаро О.О. 102 қисқа рақамига мурожаат қилиб, шу куни соат 14:00 ларда Андижон тумани, «Қорақалпоқ» МФЙда жойлашган дала шийпонида фуқаролар С.А. ва О.М. унга нисбатан зўрлик ишлатиб жинсий алоқада бўлганини маълум қилган.

Ҳолат юзасидан ҳодиса содир бўлган жойга Андижон тумани ИИБ ҳузуридаги тергов бўлими раҳбарлигидаги тергов-тезкор гуруҳи воқеа жойига чиқиб, ҳодиса содир бўлган жой кўздан кечирилган ва видеотасвирга олинган.

Терговга қадар текшириш ҳаракатларини тўлалигини таъминлаш мақсадида О.О.га тегишли бўлган қизил қора рангли аёллар кўйлаги ва бошқа кийимлари далилий ашё тариқасида холислар иштирокида олинган. Мазкур ҳолат юзасидан суд-тиббий экспертизаси, судга оид биологик экспертиза ва судга оид физика-техникавий экспертизаси тайинланган.

Шундан сўнг Сенатнинг Хотин-қизлар ва гендер тенглик масалалари қўмитаси, Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги, шунингдек, жиноят ишини ички ишлар вазири шахсан назоратга олгани ҳам маълум қилинганди.

29 май куни Ички ишлар вазирлиги ахборот хизмати суд-тиббий экспертизасининг хулосасига кўра, жабрланувчининг баданида зўрлик аломатлари билан боғлиқ тан жароҳатлари мавжуд эмаслиги, 13-14 ҳафталик ҳомиладор экани ва ҳомиласи ривожланаётгани аниқланган.

Тергов ҳаракатлари давомида тўпланган инкор қилиб бўлмас далилларга асосан келинчак О.О.нинг зўрлангани тўғрисидаги важлари ўз тасдиғини топмагани сабабли жиноят ишининг гумон қилинувчиларга тегишли қисмини Жиноят-процессуал кодексининг 83-моддасига (жиноий ҳодиса юз бермаган ёки шахснинг қилмишида жиноят таркиби бўлмаса) асосан тугатиш масаласи кўриб чиқилаётгани, фуқаро О.О. ва бошқаларнинг туҳмат қилгани ҳолатига ҳуқуқий баҳо бериш мақсадида тергов ҳаракатлари давом эттирилаётгани маълум қилинганди.

Ўшанда Ички ишлар вазирлиги ахборот хизмати томонидан келгусида тергов ҳаракатлари натижаси юзасидан қўшимча маълумот берилиши таъминланиши таъкидланган эди.

Афсуски, орада беш ойдан ортиқ вақт ўтган бўлса-да ички ишлар вазирлигидан тортиб, бош прокуратура, ҳаттоки суд томонидан ҳам тергов ҳаракатлари натижаси юзасидан оммавий ахборот воситаларида ҳеч қандай қўшимча ёки якуний маълумот берилмаган. Шу мақсадда «Дарё» мухбири вилоят прокуратураси ахборот хизмати билан боғланиб, тергов ҳаракатлари якуни бўйича маълумот тақдим этишни сўраган.

Вилоят прокуратурасининг маълум қилишича, «Одам ДНКси суд-биологик» экспертизасининг хулосасига кўра, жабрланувчи аёл О. О.нинг кийим-кечакларида аниқланган спермалар унинг эри О.О.га тегишли экани маълум бўлган.

Жабрланувчи аёл О.О. яқин қариндошлари ва ҳимоячиси иштирокида сўроқ қилинганида, уни ҳеч ким зўрлаб номусига тегмаганини, қайнонаси Ў.О. моддий манфаатдор бўлиш эвазига уни зўрлаб номусига теккани ҳақида ариза ва кўрсатма беришга мажбур қилганини, агарда ушбу кўрсатмани бермаса эри билан бирга яшаттирмасдан, ажратиб юборишини айтгани сабабли, иложсизликдан ёлғон кўрсатма берганини маълум қилган.

Мазкур иш бўйича терговга жалб қилинган фуқаро, келин томонидан зўрлаганликда айбланган эркаклар А.С. ўзининг кўрсатмаларида танишлари О. М., А. М., М. Ж., Х. Ж., Б. Х., Б. А. билан бирга 2021 йил 13 май куни соат 10:00 да Андижон туманида жойлашган «Ҳаёт» номли чойхонада ўтирганини ва спиртли ичимликлар истеъмол қилганини, шу куни соат 13:30 дан сўнг «Қорадарё» бўйига бориб ароқ ичганини, шу куни соат 19:00 дан сўнг уйларига кетганини билдирган.

Шунингдек, А.С. ҳамма танишларини ўзига тегишли бўлган Лабо русумли автомашинасида уйларига ташлаб, иш жойи Андижон қишлоқ хўжалиги агротехнологиялар институтига қоровуллик қилиш учун кетганини айтган.

А.С.нинг кўрсатмаларини қолган гумонланувчилар ҳам тўлиқ тасдиқлаб, ўша куни келинчак О.О.ни умуман кўрмаганини, уни умуман танимасликларини маълум қилган.

2021 йил 14 май куни гумонланувчиларнинг бадани тиббий мутахассислар томонидан кўздан кечирилганда ҳеч қандай жароҳат ва шилинма излари мавжуд эмаслиги аниқланган.

Бундан ташқари, О.О. иштирокида шахсларни таниб олиш тергов ҳаракати ўтказилганида, у фақатгина маҳалладоши А.С. ва О.М.ни таниб олган.

Шунингдек, воқеа содир этилган куни дала шийпонидан 400 метр узоқликда жойлашган дарё бўйида дам олиб ўтирган Х.М., А.А. ва Ш.Э. ўз кўрсатмаларида, фуқаро О.О.га тегишли бўлган дала шийпони эса таъкидланганидек, улардан 400 метр узоқликда жойлашганини, дала шийпони уларга яққол кўриниб турганини, улар шу куни соат 10:30 дан 17:30 га қадар ўтиришганини, шу вақт давомида шийпон атрофида бегона эркакларни кўрмаганини, дала шийпонидан аёл кишининг бақириб ёрдам сўрагани эшитилмаганини билдиришган.

2021 йил 26 май куни ўтказилган тергов ҳаракатлари давомида тўпланган инкор қилиб бўлмас далилларга асосан келинчак О.О.нинг зўрлангани тўғрисидаги важлари ўз тасдиғини топмагани сабаб, жиноят ишининг гумон қилинувчиларга тегишли қисми Жиноят процессуал кодексининг 83-моддасига (жиноий ҳодиса юз бермаган ёки шахснинг қилмишида жиноят таркиби бўлмаса) асосан тугатилган.

4 июнь куни жиноят иши бўйича судга оид психиатрия ва психология экспертизалари тайинланган.

Суд-психологик экспертизасининг 14 июндаги хулосаси, жабрланувчи О.О.нинг дастлабки тергов ҳаракатлари давомида бераётган кўрсатмалари, ижтимоий воқеликда ўзаро номутаносиблик мавжудлиги, унинг идрок ва тафаккур жараёнларида тушунча, ҳукм, хулосаларида фавқулодда узилишлар юзага келгани сабаб, унинг индивидуал психологик хусусиятлари ва ёшлик даражаси бўйича, ушбу ҳолатни онгли равишда тўғри тушунган ҳолда англаб етишга ва таҳлил қилишга қодир эмаслиги, дастлабки тергов ҳаракатлари давомида бераётган кўрсатмалари тафаккуридаги тушунча, ҳукм, хулосаларидаги узилишлар натижасида реал боғлиққа яқин эмаслигини кўрсатган.

Шу муносабат билан 2021 йилнинг 22 июнь куни зўрлаганликда айбланган эркаклар А.С., О.М., А.М., М., Х.Ж., Б.Х., Б.А. жабрланувчи ва фуқаровий даъвогар деб эътироф этилган.

Қайнона ва қайнота огоҳлантирилган, қайнака ҳамда қайнопа эса жаримага тортилган

Қайд этилишича, жиноят ишининг келин қайнотаси И.О., қайнонаси Ў.О., қайнакаси А.О. ва қайнопаси Х.Ж.га нисбатан бўлган қисми алоҳида материал тариқасида ажратилиб, уларнинг ҳаракатларига баҳо беришлик учун ҳужжатлар Андижон туман ички ишлар бўлимига юборилган.

Андижон вилоят суди ахборот хизматининг маълум қилишича, 2021 йилнинг 5 июль куни жиноят ишлари бўйича Андижон туман суди томонидан ушбу шахсларга нисбатан тегишли тартибда маъмурий иш кўриб чиқилган.

Суд қарорига асосан жавобгарларнинг барчаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 40-моддаси(туҳмат)да назарда тутилган ҳуқуқбузарликни содир этган деб топилган. Бироқ О.О.нинг қайнонаси Ў.О. ва қайнотаси И.О. Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 21-моддасига (ҳуқуқбузарликнинг кам аҳамиятлилиги сабабли маъмурий жавобгарликдан озод қилиш) асосан маъмурий жавобгарликдан озод этилиб, келгусида юқоридаги каби ҳуқуқбузарликларни содир этган тақдирда жавобгарликка тортилиши ҳақида расман огоҳлантирилиб, уларга нисбатан юритилган маъмурий иш ҳаракатдан тугатилган.

О.О.нинг қайнакаси А.О.га нисбатан базавий ҳисоблаш миқдорининг 5 баробари, яъни бир миллион икки юз йигирма беш минг сўм, қайнопаси Х.Ж.га нисбатан эса БҲМнинг 2 баробари, яъни тўрт юз тўқсон минг сўм миқдорида жарима жазоси тайинланган.

Келинчакка жиноят иши очилган

Вилоят прокуратураси маълумотларига кўра, 2021 йилнинг 26 июнь куни О.О.га нисбатан Жиноят кодексининг 139-моддаси 3-қисми (нашр қилиш ёки бошқача усулда кўпайтирилган матнда ёхуд оммавий ахборот воситалари орқали; оғир ёки ўта оғир жиноят содир этишда айблаб; оғир оқибатлар келиб чиқишига сабаб бўлган ҳолда; ғаразгўйлик ёки бошқа паст ниятларда қилинган туҳмат) бандлари ва бошқа моддалари (айнан қайси моддалар эканига аниқлик киритилмаган) билан айблов эълон қилиниб, «шахсий кафиллик» эҳтиёт чораси қўлланилган.

Жиноят иши 26 июнь куни айбланувчи О.О. ва унинг ҳимоячисига таништирилган. Икки кундан сўнг, яъни 28 июнь куни жиноят иши бўйича айблов хулосаси тузилиб, Жиноят процессуал кодексининг 388-моддаси тартибида суд муҳокамасига юборилган.

«Дарё» мухбирининг ушбу ҳолат юзасидан Андижон вилоят судига қилган сўрови бўйича ҳеч қандай маълумот берилмаган.

Қайд этиш лозим, Жиноят кодексининг 139-моддаси 3-қисмида назарда тутилган жиноятларни содир этган шахсларга базавий ҳисоблаш миқдорининг уч юз бараваридан беш юз бараваригача миқдорда жарима ёки уч юз олтмиш соатдан тўрт юз соатгача мажбурий жамоат ишлари ёхуд бир йилдан уч йилгача озодликни чеклаш билан жазоланади.