Ўзбекистонда ҳафта ўртасигача илиқроқ об-ҳаво бўлади, ҳафтанинг иккинчи ярмида эса ҳаво кескин совийди, деб хабар бермоқда «Ўзгидромет».
Қайд этилишича, 4 ноябрь, пайшанба куни мамлакатга Урал ҳудудларидан совуқ ва бироз нам антициклон кириб келиб, об-ҳаво кескин ўзгаради. Шу куни республика бўйича баъзи жойларда ёмғир ёғиши мумкин. Тоғли ҳудудларда ёмғир ва қор кўринишидаги ёғингарчилик бўлади. Республика шимолида ёғингарчилик кутилмайди.
Ҳарорат 4 ноябрь кундузи 3-8 даража илиққача пасаяди. Бу ой боши учун бўлган меъёрий қийматлардан 12-15 даражага паст.
Баъзи жойларда шамол тезлиги 15-20 метр/секундгача кучайиши мумкин.
Жума, 5 ноябрь куни совуқ антициклон мамлакатнинг барча ҳудудларини қамраб олади. Ёғингарчилик фақат айрим тоғли ҳудудларда сақланиб туради. Ҳаво ҳарорати кечаси 3-5 даража совуққача, шимолда 7-10 даража совуққача пасаяди. Кундуз куни ҳарорат 3-8 даража илиқдан ошмайди.
Бундан аввал «Ўзгидромет» 2 ноябрь куни кузатиладиган об-ҳаво маълумотини эълон қилганди.
Изоҳ (0)