Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида «Ҳизб ут-Таҳрир» экстремистик ташкилотининг 29 нафар аёл аъзоси аниқланди, дея хабар қилмоқда ИИВ ахборот хизмати.

Қайд этилишича, 2021 йилнинг 10 сентябрь куни, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар томонидан рейд ўлтказилган. Қидирувда бўлган «Ҳизб ут-Таҳрир» диний экстремистик ташкилоти аъзолари – 1970 йилда туғилган аёл Л.У. ва 1974 йилда туғилган аёл М.С. билан интернет тармоғи ва турли ижтимоий мессенжерлар орқали алоқа қилиб, уларнинг кўрсатмалари асосида аҳоли орасида ташкилот ғояларини тарғиб қилиш ва ташкилот сафини кенгайтириш билан шуғулланиб келгани аниқланган. Жиноят кодексининг 159 ва 244-2 -моддалари билан жиноят иши қўзғатилган. Тошкент шаҳрининг Шайхонтоҳур, Учтепа, Олмазор, Сергели ва Яккасарой туманлари, шунингдек, Тошкент вилоятининг Зангиота, Тошкент ва Қибрай туманларида яшовчи 29 нафар «Ҳизб ут-Таҳрир» экстремистик ташкилотининг «Аёллар қаноти» жамоаси аъзоларини жиноий фаолиятига чек қўйишга қаратилган тезкор тадбирлар ўтказилди.

Мазкур аёлларнинг яшаш манзилларида ва уяли алоқа воситаларида экстремистик мазмундаги материаллар мавжудлиги аниқланиб, процессуал тартибда расмийлаштирилиб олинди.

Ҳозирда ушбу аёлларнинг ноқонуний хатти-ҳаракатларига ҳуқуқий баҳо бериш ва уларни жавобгарликка тортиш мақсадида тергов-суриштирув ишлари давом эттирилмоқда.