Тошкент вилояти Қибрай туманида 5 кишини ўлдирганликда гумон қилинган шахс ушланди, дея хабар бермоқда Бош прокуратура.

Фото: Бош прокуратура матбуот хизмати

Қайд этилишича, 2021 йилнинг 29 июль куни, тахминан, соат 01:20 ларда Қибрай тумани ИИБ навбатчилик қисмига Қибрай тумани, «Истиқбол» МФЙ, Ҳумо кўчаси рақамсиз уйда яшовчи Эрназаровлар оиласида содир этилган қотиллик жинояти юзасидан келиб тушган хабарга кўра, тергов-тезкор гуруҳи ҳодиса содир бўлган жойга етиб борган.

Борилган уйда ўткир тиғли, кесувчи-санчувчи жисм билан жароҳатланган ҳолдаги хонадон эгаси 1960 йилда туғилган Э.А., унинг икки қизи — 1986 йилда туғилган А.М. ва 1988 йилда туғилган Э.М. ҳамда 1997 йилда туғилган ўғли Э.А. мурдалари мавжудлиги аниқланган.

Шунингдек, мазкур хонадонга ёлланма қурувчи уста сифатида келиб, ишлаётган 1984 йилда Фарғона вилоятида туғилган К.К.нинг мурдаси ҳам топилган.

Содир этилган жиноят юзасидан ўтказилган тезкор суриштирув ишлари давомида олинган дастлабки маълумотга кўра ушбу жиноятни И.Ш. содир этганликда гумон қилинган.

Бош прокуратуранинг маълум қилишича, мазкур ҳолат юзасидан Тошкент вилояти прокуратураси томонидан Жиноят кодексининг 97-моддаси 2-қисми «а, ж» бандлари (ўта шафқатсизлик билан икки ёки ундан ортиқ шахсни қасддан ўлдириш) билан жиноят иши қўзғатилди.

Гумонланувчи шахс процессуал тартибда ушланган. Тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Бундан аввал Наманганда одам ўлдирганликда гумонланган шахслар Тошкентда қўлга олингани, Андижонда шаръий никоҳдаги эри бошқага уйланаётгани учун уни ўлдирган аёл 10 йилга қамалгани ҳамда Жиззахда маст ҳолатда танишини пичоқлаб ўлдирган эркакка жиноят иши қўзғатилгани ҳақида хабар берилганди.