Собиқ MMA жангчиси Мурод Хонтўраев автоҳалокатга учраб вафот этди.

Фото: Instagram

Бу ҳақда Тошкент вилояти ички ишлар бош бошқармаси матбуот котиби Бобур Тўлаганов хабар берди. Ўзбекистон MMA ассоциацияси вице-президенти Мурод Хонтўраев 19 июль, душанба куни Тошкент вилояти Бўстонлиқ туманида ўз бошқарувидаги «BMW X5» автомашинасида автоҳалокатга учраб, вафот этган.

Мазкур ЙТҲ юзасидан ИИВ Йўл ҳаракати хавфсизлиги Бош бошқармаси матбуот хизмати тўлиқ маълумот берди.

«2021 йилнинг 19 июль куни соат 11:30 ларда, Тошкент вилояти, Бўстонлиқ тумани ҳудудидан ўтувчи 4Р-12 автомобиль йўлининг 68-километрида бир йўналишда ҳаракатланиб кетаётган «Lacetti» ҳамда «BMW X5» русумли автомобиллар иштирокида тўқнашув содир бўлган. Тўқнашув оқибатида «BMW X5» русумли автомобиль йўлдан чиқиб кетиб ағдарилган.

Натижада, «BMW X5» русумли автомобиль ҳайдовчиси, 1987 йилда туғилган М.Х. воқеа жойида вафот этган ва ушбу автомобиль йўловчиси тан жароҳати билан шифохонага олиб кетилган.

Мазкур ЙТҲ юзасидан Бўстонлиқ тумани ИИБ ҳузуридаги ТБ томонидан дастлабки суриштирув ҳаракатлари олиб борилмоқда», — дейилади баёнотда.

Фото: ЙҲХББ

Маълумот учун, «Осиё айиғи» лақаби билан машҳур бўлган Хонтўраев 1987 йилда Тошкент шаҳрида туғилган. MMA’даги профессионал фаолиятини 2013 йилда бошлаган Мурод Хонтўраев жами 15 та жанг ўтказиб, уларнинг 12 тасида ғалаба қозонган, учта жангда мағлуб бўлган, яна битта жанг натижаси бекор қилинган.

Хонтўраев 2018 йил 21 июнга ўтар кечаси Юнусобод туманидаги тунги клублардан бирида юзага келган тартибсизликда иштирок этгани учун ҳибсга олинган ва суд ҳукмига кўра энг кам ойлик иш ҳақининг (172 240 сўм ҳисобида) 94 баробари — 16 190 560 сўм миқдорида жаримага тортилганди.  Ўша йилнинг ноябрь ойида Хонтўраев ўз офисида пичоқлаб кетилганди. Ҳозирга қадар Хонтўраев Ўзбекистон MMA ассоциацияси вице-президенти лавозимида ишлаб келаётганди.