Футбол бўйича БАА президенти Кубогининг финал баҳси доирасида «Шабоб ал-Аҳли» 16 май, якшанба куни «Ан-Наср» билан баҳс юритди.

Фото: Twitter

Учрашув 2:1 ҳисобида «Шабоб ал-Аҳли»нинг ғалабаси билан якунланди. Дубай клуби сафида Федирико Картабиа дублга эришди. У дастлабки голини биринчи бўлимда киритган бўлса, иккинчи таймга қўшиб берилган дақиқаларда 11 метрлик жарима зарбасини голга айлантирди. «Ан-Наср»нинг жавоб тўпи эса Меҳди Абед ҳисобига ёзилди.

«Шабоб» сафида тўп сурадиган ўзбекистонлик футболчилар Жалолиддин Машарипов ва Одилжон Ҳамробеков мазкур учрашувда тўлиқ 90 дақиқа ҳаракат қилди.

Шу тариқа «Шабоб ал-Аҳли» финал ўйинида ғалаба қозониб, мавсумдаги иккинчи совринини қўлга киритди. Аввалроқ жамоа БАА Лига Кубогига эга чиққанди.

БАА президенти Кубоги

Финал баҳси

16 май, якшанба

«Шабоб ал-Аҳли» — «Ан-Наср» 2:1

Голлар: 1:0 — 44 Картабиа, 1:1 — 81 Абед, 2:1 — 90+4 Картабиа.