АҚШнинг Мен штатида икки ёшли бола ўзининг ота-онасини отиб қўйди. Бола қуролни уйдан топиб олган. Эркак ва аёл шифохонага ётқизилди, деб ёзмоқда WGMЭ.
«Бола қандай қилиб қуролни олиб, ота-онасини отиб ташлагани жиддий хавотирга сабаб бўлмоқда ва тергов жараёнлари олиб борилмоқда», — деди ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларининг ходимлари.
Маҳаллий полиция маълумотларига кўра, боланинг 22 ёшли онаси оёғидан, 25 ёшли отаси бошининг орқа қисмидан енгил жароҳат олди. Ўқотар қурол юзига урилиши натижасида боланинг ўзи ҳам жароҳатланди.
Шифокорлар жабрланганларни текшириб, уларга тиббий ёрдам кўрсатганидан кейин оиланинг уйга кетишига рухсат берилди.
Терговчилар ўқотар қуролнинг очиқ жойда турганини ва шу пайтда уйда яна бир гўдак ҳам бўлганини аниқлади.
Эслатиб ўтамиз, 11 май куни 19 ёшли Илназ Галявиев ўзи илгари ўқиган Қозон шаҳридаги 175-сонли гимназияга келиб, ўқувчилар ва ўқитувчиларга ўқ узишни бошлади. Тўққиз киши, жумладан, етти нафар мактаб ўқувчиси вафот этди, яна 23 киши, асосан, болалар жароҳат олди.
Шунингдек, 12 май куни Қримнинг Қизил гвардия туманида ижтимоий тармоқларда маҳаллий лицейни портлатиш таҳдиди билан пост қолдирган эркак ҳибсга олинди. Қрим ҳуқуқ-тартибот органларининг маълумотларига кўра, қонунбузар шу йўл билан махсус хизматларнинг фаолиятини текшириб кўрмоқчи бўлган.
13 май куни Россиянинг яна бир шаҳрида мактабни портлатиш билан таҳдид қилган ўсмир ҳибсга олинди. Қозон шаҳридаги мактабга қилинган ҳужумга оид видео остидаги изоҳларда «Худо сизга ҳакам» ники остида хабар қолдирган ўсмир «Эртага Благовешенск шаҳрининг 27-мактабида мен ҳам шундай қиламан» деб ёзган. Зудлик билан ҳибсга олинган ўсмир терговчиларга «шунчаки ҳазиллашганини» айтган.
Изоҳ (0)