Одамларни вакцинация жараёнларига ундаш учун касаллар сони кўпайтириб кўрсатилаётгани йўқ. Бу ҳақда АОКА ҳузурида «Ўзбекистонда коронавирус билан боғлиқ вазият, вакцинация жараёнларига тайёргарлик» мавзусида бўлиб ўтган матбуот анжуманида Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати раҳбари ўринбосари Нурмат Отабеков маълум қилди.
«Одамлар орасида вакцинация жараёнларига ундаш учун атайлаб касаллик кўпайишини бўрттириб кўрсатишга уринишяпти, деган миш-мишлар учраб турибди. Бунда мантиқ йўқ, чунки касалланиш ҳолатлари асосан болалар орасида кўпаймоқда. Биз эса вакцинани 18 ёшдан катталарга тавсия қиляпмиз.
Карантин чоралари қатъийлаштирилганига одамларнинг ҳаддан ортиқ хотиржамликка берилгани сабаб бўляпти десак, адолатдан бўларди.
Вақти келиб, болаларни ҳимоя қилиш чоралари ишлаб чиқилиши ҳам мумкин», – деди Отабеков.
Шунингдек, Нурмат Отабеков интернет тармоқларида тарқалган Зангиотадаги юқумли касалликлар шифохонасида вафот этиб, расмий статистикада акс этмаган бемор масаласига ҳам ойдинлик киритиб ўтди. Мутахассиснинг фикрича, бемор шифохонага олиб борилишидан олдин унда вирус тасдиқланган. Аммо шифохонадаги махсус лаборатор текширувида манфий натижа қайд этилган. Шу сабаб ҳам расмий статистикага киритилмаган. Ҳозирда патологоанатом хулосаси кутилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, 14 март куни Ўзбекистонда декабрдан бери биринчи марта бир кунда 100 дан ортиқ одамда коронавирус аниқланиб, шундан 93 таси Тошкент шаҳрида қайд этилганди. Пойтахтда коронавирусга чалиниш ҳолатлари, асосан, ўқувчилар, талабалар ва ташкилот ходимлари орасида кўпайган. Хусусан, Тошкентдаги 77 та мактабда ўқувчилар орасида коронавирус инфекцияси аниқланган, 117-сонли боғчада икки нафар тарбиячи ва болаларда коронавирус аниқлангани сабаб мазкур боғча вақтинча ёпилди.
Бундан аввал Тошкент шаҳридаги такси ва қурилиш соҳасида карантин чоралари кучайтирилиши, пойтахт ҳокимлиги ва унинг тизимидаги барча тузилмаларда турли йиғилишларни ўтказиш тақиқлангани ҳақида хабар берилган эди.
Коронавирус кенг тарқалишининг олдини олиш мақсадида Тошкентдаги айрим мактабларда ўқиш босқичма-босқич масофавий шаклга ўтказилмоқда, бозор ва савдо марказларида карантин талаблари кучайтирилди.
Изоҳ (0)